Ўзбекистонда танаси бирлашиб туғилган эгизакларни ажратиб олиш бўйича ноёб операция ўтказилди. Эгизаклар муваффақиятли ажратиб олинди. Ҳозирда уларнинг аҳволи стабил деб баҳоламоқда.
2022 йил 31 майда дунёга келган чақалоқлар сиам эгизаклари бўлиб, улардаги бу ноодатий ҳолат ҳомиланинг 28 ҳафталигида аниқланган ва бўлажак она Ўш шаҳридан Бишкек шаҳрига юборилган. 29-ҳафтада туғуруқ жараёни “кесарча” усулида амалга оширилган.
Туғуруқдан 10 кун ўтгач, ота-онага болаларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлиги айтилиб, уйига рухсат берилган. Аммо фарзандларининг яшаб кетишидан умид узмаган ота-она орадан бир ой ўтгач, Ўзбекистондаги Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашевга телефон орқали мурожаат қилишди. Чақалоқлар Ўзбекистонга 5 ойлик вақтида олиб келинади.
“Амалиёт 3 соат давом этди. Болалар бир-бири билан жигар орқали бирлашгани ўз исботини топди. Болаларни ажратганда жигардан ва бошқа қон томирлардан қон кетишининг олдини олиш мақсадида ультратовуш ва аргон скалпели, шунингдек, “Bloodstop” деб аталган замонавий гемостатик материалдан фойдаландик. Натижада минимал даражада қон кетиши билан болалар ажратиб олинди”, дейди Б.Эргашев.
Шундай қилиб, эгизаклар муваффақиятли ажратиб олинди. Мутахассислар эндиликда “сиам эгизаги” деб аталмаётган ушбу болажонларнинг аҳволини стабил деб баҳоламоқда. Яқин кунларда чақалоқларни яшаш жойига чиқаришга умид қилинаяпти.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.