Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «қандайдир уч томонлама иттифоқ» тузишни таклиф қилди — Тоқаев

Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «қандайдир уч томонлама иттифоқ» тузишни таклиф қилди — Тоқаев

Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «қандайдир уч томонлама иттифоқ» тузишни таклиф қилди, дея маълум қилди Қозоғистон президенти Кремлдаги музокаралардан сўнг. У мазкур таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини ва Путин бу борада Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилмоқчи эканини айтди.

Қозоғистон Россия президенти Владимир Путиннинг РФ, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «қандайдир уч томонлама иттифоқи»ни яратиш, жумладан, газ соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш таклифини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда «Интерфакс» душанба куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга таяниб хабар берди.

«Ҳа, қўшимча мувофиқлаштириш ва ҳатто музокараларни талаб қиладиган масалалар бор. Гап, хусусан, газ соҳаси ҳақида кетмоқда. Аммо бу ерда биз ҳеч қандай масалани драмалаштирмаймиз. Мен Владимир Владимировичга айтдимки, бундай муаммолар бор, улар муҳокама қилишни талаб қилади, лекин ҳеч қандай драматизациясиз. Булар ишчи масалалар», — деди Тоқаев душанба куни Москвадаги Россия-Қозоғистон олий даражадаги музокаралари якунлари бўйича Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда.

Қозоғистон президенти томонлар «тегишли келишувларга эришишига» ишонч билдирди.

«Бугун Владимир Владимирович қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклигини айтди ва у Ўзбекистон президентига (Шавкат Мирзиёев) қўнғироқ қилмоқчи. Исталган натижалар ва келишувларга эришиш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак. Аслида, биз бунга тайёрмиз. Нега бўлмасин», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради РИА Новости.

Қозоғистон президентининг матбуот хизмати Владимир Путин билан учрашув якунлари бўйича тарқатган хабарида иттифоқ тузиш ва газ соҳасидаги масалалар муҳокама қилингани ҳақида тилга олгани йўқ. Кремль матбуот хизмати ҳам бу ҳақда хабар бермаган.

«Газета.uz»да реклама

Қозоғистон президентининг Москвага ташрифи унинг яқинда қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифи бўлди. Россия раҳбари билан учрашувда у бу воқеа «ўз-ўзидан чуқур сиёсий аҳамиятга», «маълум бир рамзий маънога эга»лигини айтди.

«Қозоғистон учун Россия Федерацияси асосий стратегик ҳамкор, турли соҳаларда биз билан чуқур алоқалар ўрнатган давлат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади… Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик қандай ривожланаётганидан қониқиш ҳосил қилиш учун барча асослар бор. Шу билан бирга, сиз олдинга қарашингиз керак ва мен бу ерга айнан шу мақсадда келдим», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.