Ўзбекистон Дори воситалари хавфсизлиги маркази Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал ва шамоллашга қарши сиропдан фойдаланиш хавфлилиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
ЖССТ маълумотларига кўра, «Cold Out» сиропи “Fourrts Laboratories” (Ҳиндистон) томонидан “Dabilife Pharma” учун ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.
Шунингдек, Ҳиндистон ССВ маълумотига кўра, мазкур дори воситаси Ироқда ўтказилган алоҳида синовларда муваффақиятсизликка учрагач, эркин савдодан қайтариб олинган.
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ҳиндистоннинг “Fourrts Laboratories” томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан юртдошларимизни хавотирга тушмасликларини билдиради», дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин рухсат этилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.