Университетнинг янги ва эски раҳбари ўртасидаги можаро сабаб ота-оналар жабрланиб қолмоқда.
Баёнотда маълум қилинишича, бундан икки йил аввал “Акфа” университетининг собиқ ректори Бекзод Жалилов томонидан университет таъсисчисидан яширин ҳолда “Study for the success” МЧЖ номидан ота-оналар билан шартномалар тузган. Шартномага мувофиқ ота-оналарга уларнинг фарзандлари мактабнинг 10-11 синфларида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида “Акфа” университетининг 1-босқичини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-босқичига қабул қилиниши МЧЖ томонидан ваъда қилинган ва ота-оналар ушбу хизмат эвазига МЧЖ ҳисоб рақамига муайян тўловларни қилишган.
“МЧЖнинг ҳисоб рақамига тушган пул маблағлари Б.Жалиловнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган МЧЖ томонидан ўзлаштириб юборилган. Бироқ, ушбу МЧЖнинг “Акфа” университетига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўқувчиларни мактабда ўқиб турган вақтида университет дастурларига қабул қилиш ҳам қонунчиликка зид. МЧЖ таъсис ҳужжатидан кўриниб турибдики, у собиқ ректорнинг яқин қариндоши томонидан таъсис этилган, контакт маълумотлари ҳам унга тегишли, ўзини банкларнинг бирида алоҳида ҳисоб рақамлари мавжуд”, — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, ушбу иш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган. Жабрланувчилар туман прокуратурасига тегишли шикоят билан мурожаат қилишлари мумкинлиги маълум қилинган.
Аммо, ўз ўрнида Бекзод Жалиловнинг ўзи ҳам ҳолат юзасидан мурожаат билан чиқиб, университетнинг айни пайтдаги раҳбарияти томонидан асоссиз айбловлар қўйилаётганини маълум қилди.
Унинг маълум қилишича, “Study for the success” МЧЖ 2015 йилда ташкил қилинган ва ўқувчиларни ОТМга ўқишга киритиш билан шуғулланади. Икки йил аввал МЧЖ ва университет ўртасида меморандум имзоланган ва унга кўра, 10-11-cинфда мазкур курсда ўқиганлар университетга 2-курса қабул қилиниши керак бўлган.
“Акфа университети муассислари, жумладан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам, таълим муассасасининг бошқа таълим массалари билан ҳамкорлиги ҳақида хабардор эди. Бундан ташқари, Жаҳонгир Обидовичнинг жияни Ортиқхўжаева К. ҳам ушбу дастурда ўқиган ва ўқиш пулини университет ҳисобига эмас, балки “Study for the success” МЧЖ ҳисобига тўлаган. Юқоридагиларни инобатга олсак, “муассислар бундан бехабар эдилар” дейиш нотўғри”, — дейди Бекзод Жалилов.
Таъкидланишича, 22 сентябрь куни бўлиб ўтган ота-оналар билан учрашувда, ОТМнинг амалдаги ректори Камрон Ғуломов бундай буйруқ борлигини аввал рад этган. Буйруқ унга кўрсатилгач, у нимага имзо қўйганидан хабари йўқлигини айтган. Кейинчалик эса, у буйруққа имзо алдов йўли билан олинганлигини айтган.
“Агар уларнинг айбловлари мантиқий ва қонуний асосли бўлса, унда мантиқий савол туғилади: нега университетнинг янги раҳбарияти ишдан бўшатилганимдан бошлаб 2023-йил 22 сентябргача мазкур дастурни ёпиш ва таълим марказлари билан ҳамкорликни тўхтатиш масаласини кўтармади?
Бундан ташқари, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб, шунингдек, ишдан бўшатилганимдан сўнг таъсисчи вакиллари томонидан ташқи экспертларни жалб қилган ҳолда университет фаолиятида қайта-қайта аудит, жумладан, молиявий аудит ўтказилган. Ушбу текширувлар натижасида ҳеч қандай қонунбузарликлар аниқланмаган.
Эслатиб ўтаман, гарчи юридик мақомга эга ва ҳуқуқий томондан расмийлаштирилмаган бўлмаса-да, ўзини кузатув кенгаши раиси деб таништираётган Абдужаббор Абдувоҳидов билан университет бошқаруви сиёсатида юзага келган келишмовчиликлар туфайли мен Akfa Университети ректори лавозимидан кетганман. Мен ректорлик лавозимидан озод этилганим ва Абдужаббор Абдувоҳидов (Жаҳонгир Обидовичнинг қудаси) университет ҳаётига фаол аралашуви бошлангач, университетни молиялаштиришга ёндашувда ўзгаришлар кузатилмоқда. Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаевнинг корхоналари университетдаги ўқув жараёни учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, китоблар ва ўқув материалларини харид қилиш учун фаол маблағ ажратишни бошлади”, — дейди у.
Бекзод Жалилов университет раҳбарияти унга асоссиз айбловлар қўйилаётганини айтиб, президентга мурожаат қилди.
“Президент Мирзиёев Шавкат Миромоновичдан менинг ва оиламнинг Ўзбекистон ҳудудида хавфсизлигини таъминлашни сўрайман. Сизни ишонтириб айтаманки, менинг ягона мақсадим халқимиз ва бутун давлатимиз учун таълим соҳасида фойда келтириш”, — деб ёзади Жалилов.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.