Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни ҳудудларда электротехника, кимё ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Жорий йилнинг ўзида электротехникада 163 миллион долларлик 39 та, кимё саноатида 70 миллион долларлик 17 та ва фармацевтикада 87 миллион долларлик 57 та корхона ишга тушди.
Шу билан бирга, бу тармоқларда фойдаланилмаган имкониятлар ҳали кўп. Ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш электротехникада 50 фоизга, кимё саноатида 40 фоизга, фармацевтикада 18 фоизга ҳам етмайди.
Ҳудудларда ташкил қилинган зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. 116 та корхонага олиб келинган 85 миллион долларлик саноат ускунаси ишга тушмасдан турибди. 727 та корхона тўлиқ қувватда ишламаяпти.
Йиғилишда шу каби камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, долзарб вазифалар белгиланди.
– Ҳокимликлар саноат тармоқлари билан узвий боғлиқликда ишлаб, ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиши, лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Шундагина жойларда иқтисодий ўсиш, иш ўрни, бюджетга тушум бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари бу лойиҳаларга керак бўладиган қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни етказиб беришга маҳаллий корхоналарни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Мутасаддилар лойиҳалар ижроси, ҳудудлар ва тармоқларнинг ўзаро боғланган иш тизими юзасидан ахборот берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.