Семинарда мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати, унда акс эттирилаётган янги нормалар ва тадбиркорлик ҳамда фуқаролар учун яратилаётган енгилликлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланишича, амалдаги «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган бир қатор қоидалар эскирган ва бугунги кун талабига жавоб бермайди. Жумладан, мавжуд тартибга солиш механизмлари ва атамалар ўз аҳамиятини йўқотгани сабабли амалиётда нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ва соҳанинг ривожланишига тўсиқлар пайдо бўлмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасига кўра энди банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси иловалари орқали хизматларни кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензия талаб этилмайди.
Семинар давомида қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Лойиҳада назарда тутилган телекоммуникациялар соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи ваколатларини аниқ белгилаш, телекоммуникациялар соҳасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жавобгарлик механизмини тўғри белгилаш ва бошқа шу кабилар шулар жумласидан.
Шу билан бирга, лойиҳа билан амалдаги «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига олдин мавжуд бўлмаган қатор янги нормалар киритилмоқда. Жумладан, асосий атамалар халқаро нормаларга мувофиқлаштирилмоқда, оператор ва провайдерларнинг ўзаро тармоқ хизматларини аҳолига кўрсатиладиган телекоммуникация хизматларидан фарқлаш мезонлари киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши телекоммуникация инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хизматлар қамровини ҳамда сифатини оширишга, Интернетдан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши эса аҳолининг давлат хизматларидан фаол фойдаланишлари, электрон тижоратни амалга оширишлари, ўзлари учун зарур бўлган ахборотни излашлари, олишлари ва тарқатишлари сингари конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланишига хизмат қилади.
Семинарда сўз олган қуйи палата депутати Шухрат Шарофутдинов қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, у билан соҳа учун масъул органлар белгиланиб, уларнинг ваколатлари ўзаро тақсимланган ҳолда, вазифалари аниқ белгилаб берилаётганини қайд этиб ўтди.
Муҳокамалар чоғида қонун лойиҳаси билан боғлиқ саволларга вазирлик ва идоралар мутахассисларидан асослантирилган жавоблар олинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.