2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги транспорт воситалари ҳаракатланиши тақиқланиши мумкин

2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги транспорт воситалари ҳаракатланиши тақиқланиши мумкин

Экология вазирлиги томонидан AI — 80 русумли бензин, кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш ва юк автомобилларини ҳаракатини чеклаш таклиф этилмоқда.

Маълум қилинишича, Экология вазирлиги томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасида қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Жумладан, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича 1- ва 2-тоифали саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, мавжудлари реконструкция ҳамда модернизация қилинади. Шунингдек, мазкур ҳудудларда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларни кузатиш постлари жорий этилади, атроф-муҳит мониторингини амалга ошириш учун эса автоматик станциялар ўрнатилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинмоқда:

— «Евро — 4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (AI — 80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш;

— автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларини ҳаракатини чеклаш;

— 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишини тақиқлаш, автотранспорт воситалари эгаларига замонавий автотранспорт воситаларига ўтиш учун (электро-мобил) имтиёзлар, переференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;

— сўнгги йилларда автомобиль йўлларида юзага келаётган тирбандликларни камайтириш мақсадида тажриба тариқасида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни “тоқ ва жуфт” кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;

— шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил қилиш;

— жамоат транспортини тўлиқ электр, газ-баллон ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;

— барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;

— Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;

— микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;

— Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;

— илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш;

— атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.