Жаҳон банки билан олий ва профессионал таълим соҳасига доир икки янги лойиҳа ишга туширилади

Жаҳон банки билан олий ва профессионал таълим соҳасига доир икки янги лойиҳа ишга туширилади


13 февраль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Жаҳон банкининг Минтақавий директори Михал Рутковски бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда, шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К. Каримов ва вазир ўринбосари Ш. Турдикулова ҳамда бошқа масъуллар иштирок этдилар.

Учрашувда томонлар олий ва профессионал таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ва таълим муассасаларида таълим сифатини янада яхшилаш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш масаласини муҳокама қилдилар. Жаҳон Банки томонидан ишлаб чиқилган икки янги лойиҳа – 2025–2029 йилларга мўлжалланган “Олий таълимни трансформациялаш: самарали бошқарув ва таълим сифатини таъминлаш” ҳамда 2025–2029 йилларга мўлжалланган “Иқтисодий ўзгаришлар учун касбий таълим” лойиҳаларини йўлга қўйилиши юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон Банки ҳамкорликда турли соҳаларда кенг қамровли лойиҳалар лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Жаҳон Банкининг Халқаро ривожлантириш ассоциацияси иштирокида 2017–2022 йилларда “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.

Ушбу лойиҳа доирасида 40 та ОТМ 17,6 млн АҚШ долларлик 112 та ўқув лаборатория тўпламлари ва 86 та ОТМ 2,3 млн АҚШ долларлик ахборот коммуникация техникалари билан жиҳозланди. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 2019–2021 йилларда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва тадқиқотчилари учун “Elsevier” компаниясининг электрон базасидаги 9,08 минг онлайн китоблар ва 704,3 минг онлайн журналлардан фойдаланиш имконияти яратилди.Олий таълимни бошқаришнинг ахборотлаштирилган тизими (“HEMIS”) яратилиб, ҳозирда, барча давлат олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига ушбу тизим жорий этилди.

Шунингдек, 2021–2026 йилларга мўлжалланган 50,0 млн долларлик “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси муваффақиятли давом этмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.