Кончилик иши бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими дунёнинг энг ривожланган ва иқтисодиёти бақувват давлатлардагина мавжуд. Сабаби – бу ноёб касб эгаларини тайёрлаш жуда катта маблағ, моддий-техник база ва лабораторияларни талаб этади. Мазкур мамлакатлар сони оз бўлиб, уларнинг қаторига АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ҳамда Европа мамлкатлари киради. Ана шундай давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам қўшилди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 17 февраль куни Олмалиқ шаҳридаги Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” филиалида “Очиқ кон ишлари”, “Фойдали қазилмаларни ер остида қазиб олиш”, “Кончилик машиналари ва жиҳозлари”, “Фойдали қазилмаларни бойитиш” ихтисосликлари бўйича беш ярим йил таълимдан сўнг илк 74 нафар талабага “Кон муҳандислари” дипломлари топширилди.
Ҳозирда Филиал таълим сифатини ошириш мақсадида, 30 дан ортиқ ҳорижий илмий-тадқиқот институлари ҳамда металлургия компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. Улар қаторида Россия фанлар академияси, Қозоғистон миллий фанлар академияси, “СтальПроект”, “Металлургия” институтлари ҳамда “Nord Engineering”, “Kanex Group”, “China ENFI Engineering Corporation”, “Норильский Никель” комбинати, “Средазцветметэнерго” компанияси ва бошқалар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.