Президентга автомобилга ундан чиқадиган зарарли чиқиндилар миқдорини кўрсатувчи ранг-баранг стикерлар ёпиштириш тақдим этилди. Келгусида пойтахт эко зоналарига кириш стикерлар ёрдамида назорат қилинади.
Бу ерда транспорт воситаларига давлат рақам белгиси бириктириш ва қайд этиш гувоҳномасини топшириш жараёни турли бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликдан холи қилинган, инсон омили минимал даражага туширилган. Аввал автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш жараёни олти-етти босқичда амалга оширилган бўлса, ҳозирда босқичлар сони учтага қисқарди.
Асосийси, эндиликда марказда автомобилдан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва экологик текширув натижасидан келиб чиқиб RFID чип ўрнатилган «қизил», «сариқ» ёки «яшил» ёрлиқ (стикер) машинанинг олд ойнасига ёпиштирилади.
Келгусида жорий экологик вазиятдан келиб чиқиб, шаҳар ҳудуди бир нечта экологик зоналарга ажратилади ва транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра, яъни стикер рангига қараб, айрим экологик зоналарга киришни босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда.
Бунда экологик зоналарга рухсат этилмаган транспорт воситаларининг кириши автоматлаштирилган ҳолда назорат қилинади. Қоидабузарлик натижасида келиб тушаётган жарималар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Тизим тўлақонли ишлаши учун мамлакат бўйлаб 100 га яқин ҳавони мониторинг қилиш автоматик станциялари ўрнатилиши, транспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган зарари даражасини баҳолаш учун 84 та рўйхатга олиш-диагностика марказларини, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг 216 та ҳудудий туман бўлинмаларини замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.
Ўз навбатида аҳоли учун электромобилларни харид қилишни рағбатлантириш, шу жумладан, бундай тоифадаги автомобиллар учун давлат рақамларини беришда ундириладиган тўлов миқдорларини камайтириш юзасидан аниқ амалий чоралар кўрилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.