Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Тошкент шаҳридаги Қуюв-механика заводига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қирқ гектардан зиёд гектар майдонли бу завод бир пайтлар тўлиқ ишламай, паст рентабелли бўлиб қолган эди. Шу боис “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилиб, 2013 йилда модернизация қилинди. Сўнгги йилларда маҳаллийлаштириш жадал кенгайиб, унинг иқтисодий самарадорлиги янада ошди.
Вагонлар таркиби ҳам талабгир. Жумладан, ярим очиқ, усти ёпиқ, узун базали ҳамда дон, цемент, менерал ўғит ташишга мўлжалланган 6 турдаги юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда.
Металл қуйиш оғир саноатнинг энг муҳим тармоғи, таъбир жоиз бўлса, «юраги» ҳисобланади. Бу ерда 120 миллион доллар ҳисобига қуюв цехи барпо этилган. У йилига 26 минг тонна маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган. Бу ерда темир йўллар эксплуатацияси ва ҳаракат таркибида ишлатиладиган барча турдаги эҳтиёт қисмлар қуйилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу маҳсулотларни кўздан кечирди.
Заводда юк вагонлари қуриш, механика йиғув, ғилдирак йиғув, қуюв, таъмирлаш, темирчилик ва пресслаш, тайёрлов ва комплектлаш каби 26 та цех бор. Президентимиз мажмуа бўйлаб юриб, улардаги иш жараёнини кўздан кечирди.
Корхонада халқаро стандартларга мувофиқ ISO 9001 сифат менежменти ва ISO 50001 энергетика менежменти тизими жорий этилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.