Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлатимиз раҳбарига боғ лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унинг майдони 75 гектардан зиёд бўлиб, ҳудуди жиҳатидан пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон” боғидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.
Очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади. Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона ташкил этилади. Сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси, балиқ ови дам олувчиларга ҳузурбахш бўлади.
Президент боғ лойиҳасида қатнашаётган инвестор ва лойиҳачилар, чет эллик дипломатлар билан мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари боққа келган юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларни Наврўз билан табриклади.
Яна бир эътиборли томони, бу боғда табиийлик, ўрмон шакли, экзотик манзара ҳосил қилинади. Боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.