2017-2023 йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасида рўй берган институционал ўзгаришлар ва қабул қилинган қонунларнинг амалдаги ижроси таҳлил қилинди

2017-2023 йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасида рўй берган институционал ўзгаришлар ва қабул қилинган қонунларнинг амалдаги ижроси таҳлил қилинди


Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасида рўй берган институционал ўзгаришлар ва қабул қилинган қонунларнинг амалдаги ижросини таҳлил қилди.

Ўрта таълимда: 2018-йилнинг 8-декабрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор республикамизда жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган баҳолаш амалиётининг татбиқ этилиши учун ҳуқуқий асос яратди.

2019-йилда БМТнинг болалар жамғармаси — UNICEF билан ҳамкорликда 4-синф ўқувчиларининг ўқиш, математика, табиий-илмий фанлар бўйича саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган баҳолаш натижалари эълон қилинди. Унга кўра ўқувчилар:

  • табиий-илмий йўналишда демократик жамият, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунчасига (71,1 фоиз), математика йўналишида тенглама ва тенгсизликларни ечиш кўникмасига (67,2 фоиз) эгалиги бўйича энг юқори балл тўплади;
  • табиий-илмий (тарихий саналар, атроф-муҳит, инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, экология), математика (ҳисоблаш ва тенгламалар) ҳамда матнни ўқиш (берилган аниқ маълумотларни топиш) йўналишларидаги саволларга жавоблар бўйича жаҳондаги ўртача кўрсаткич (55 фоиз) дан юқори натижага эришди.

2022-йилда USAID билан ҳамкорликда 3-синф ва 5-синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича (EGRA) кўникмаларини баҳолаш натижалари эълон қилинди. Унга кўра, ўрта таълимнинг сифати (5-синф ўқувчиларининг натижалари) бошлангич таълим (3-синф ўқувчиларининг натижаларига қараганда) сифатидан ортда қолаётгани, мактабга мунтазам қатновчи ўқувчиларнинг натижалари вақти-вақти билан дарс қолдирувчи ўқувчиларникидан юқорилиги аниқланди.

2022-йилда 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий-илмий фанлар бўйича саводхонлик кўникмалари (PISA) Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) билан ҳамкорликда баҳоланди ва 2023-йилда натижалар эълон қилинди.

Ўрта таълимнинг 3-, 6-, 7- ва 10-синф ўқувчилари учун дарсликлар баҳолаш натижалари асосида, баҳолаш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этишни ҳисобга олган ҳолда қайтадан чоп қилинди.

Олий таълим тизимида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йилдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони тизимни ислоҳ қилиш учун ҳуқуқий асос яратди. Натижада 2017-2023 йиллар оралиғида:

  • «QS World University Rankings»да энг яхши мингталикка кирган хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари сони 3 тадан 9 тага;
  • Жами хорижий олий таълим муассасаларининг сони 7 тадан 30 тага;
  • хусусий олий таълим муассасалари сони 66 тага;
  • ҳудудлар кесимида энг кам олий таълим муассасалари сони 1 тадан 3 тага етди.

Шунингдек, аҳолининг барча қатламларини олий таълим хизматлари билан қамраб олиш учун алоҳида квоталар ажратилди. Ёшларни (18-22 ёшдаги аҳолини) олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 41 фоизга ошди.

Таълим тизими ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида бир қатор тадбирлар белгиланган. Жумладан:
➖ Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та мактабга болаларнинг қатнаши учун бепул автобусларни йўлга қўйиш;
➖ Нодавлат умумтаълим ташкилотлари сонини 1000 тага етказиш;
➖ 2024 йилдан бошлаб ҳар йили давлат-хусусий шериклик асосида 100 тадан мактаб қурилиши бўйича шартномалар тузиш;
➖ Дунёдаги 500 та етакчи университет билан ҳамкорликда “икки дипломли тизим”ни кенгайтириш шулар жумласидан.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.