Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) профессор-ўқитувчилари мактаб битирувчиларини касбга йўналтириш бўйича доимий саъй-ҳаракатда эканлигини тан олиш лозим. Бундан кўзланган мақсад ёшларни SIUT, унинг таълим йўналишлари, салоҳияти билан таништириш, касб танлашга йўналтириш ҳамда олий таълим сари дадил қадам ташлашга илҳомлантиришдан иборат.
Ёшлар келажаги учун, уларни ўз иқтидори ва малакасига мувофиқ тўғри йўлдан боришга, ўзига мос касб танлашга йўналтириш учун олий таълим муассасалари олдида ҳам муҳим ва ўта масъулиятли вазифалар турибди. Буни яхши англаган профессор Юсуф Абдуллаев раҳбарлигидаги Самарқанд халқаро технология университети жамоаси умумтаълим мактабларига ташриф буюриб, юқори синф ўқувчилари билан бу йўналишда мунтазам тизимли мулоқотлар олиб бормоқда.
Учрашувда университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаев сўзга чиқиб, сўнгги уч йил давомида SIUTда амалга оширилган ишлар, ютуқлар ва истиқболдаги режалар ҳамда мавжуд таълим йўналишлари, жумладан, Француз олий муҳандислик мактабидаги таълимнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритди. Мазкур муҳандислик мактаби Франциянинг илғор таълим моделлари асосида ташкил этилган бўлиб, талабалар геология, кончилик иши, нефть-газ муҳандислиги ва кимёвий технологиялар каби йўналишларни чуқур ўзлаштириш имконига эга бўлишади.
“Бугунги мактаб ўқувчилари – эртанги муҳандислар, ихтирочилар, технологлар. Сизлар ҳозирданоқ дунёқарашингизни кенгайтиришингиз, имкониятларни илғаб олишингиз керак. Биз эса бунга кўмаклашишга доим тайёрмиз,” – дейди профессор Jembo Henri.
Профессор Ю.Абдуллаевнинг таъкидлашича, ушбу учрашув француз тилига ихтисослашганлиги сабабли 43-ИДУМ жамоаси учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. “Эндиликда мактаб битирувчилари ўзлари мукаммал ўзлаштирган француз тилини замонавий муҳандислик билимлари билан уйғунлаштириш имкониятига эга бўлишади, – дейди SIUT ректори. – Университетимиз ушбу ташаббусни давом эттиради. Яқин кунлар давомида вилоятимиздаги 105-, 88-, 98-, 70- ва 29-мактабларда ҳам шундай учрашувлар ўтказамиз”.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.