Олди-сотди, ижара ва мерос жараёнларини соддалаштириш учун UZKAD маълумотлар базасини тўлдириш режалаштирилган.
Куни кеча президент ер ҳисобини юритиш ва кадастр хизматини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилганидек, кўплаб ҳудудларда кўчмас мулкнинг кадастр қиймати билан ҳақиқий бозор қиймати ўртасида катта тафовут мавжуд бўлиб, бу ҳуқуқий муносабатлар ва бозорда номутаносибликларни келтириб чиқармоқда.
Жорий йилда оммавий баҳолаш Тошкент шаҳрида бошланади ва босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жорий этилади.
Шунингдек, соҳадаги энг долзарб масала – кўчмас мулк муносабатларини тартибга солишдир. Шу мақсадда кўчмас мулкларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона маълумотлар базаси – UZKAD тизими ишга туширилган. Барча бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилиб, унга киритилмоқда. Ҳозиргача 150 мингта турар ва 707 мингта нотурар жой, 44 мингта кўп қаватли уй ҳақидаги маълумотлар ушбу янги тизимда акс эттирилган.
Давлат раҳбари кадастр маълумотлари иқтисодий дастурларни самарали режалаштиришда муҳим асос бўлишини таъкидлаб, бу борада яхлитлик ва аниқликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, бюрократияни кескин қисқартириб, кадастр хизматлари сифатини ошириш, тадбиркорларга енгилликлар яратиш вазифаси қўйилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.