Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қўшма туризм маҳсулотларини яратиш ҳамда уларни халқаро бозорда биргаликда тарғиб қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Шунингдек, туризм статистикасини юритиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, кириш ва ички туризм статистикасини шакллантириш, аэропортлар ҳамда чегара ўтиш пунктларида сайёҳлар ўртасида танланма сўровлар ўтказиш методологияси юзасидан тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилди.
Томонлар кириш туризмини рағбатлантиришнинг замонавий механизмлари, жумладан, солиқ имтиёзлари орқали туризм бизнесини қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Ўзбекистон томони Грузияда муваффақиятли қўлланилаётган туроператорлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш ва нол ставка қўллаш амалиёти ҳамда унинг сайёҳлар оқимини оширишдаги самарадорлиги билан яқиндан танишишга қизиқиш билдирди.
Учрашув давомида тоғ туризми, энотуризм ва гастрономик туризмни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Грузиянинг мазкур соҳалардаги муваффақиятли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш, грузиялик мутахассисларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга маслаҳатчи сифатида жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда жамоатчилик фикри етакчилари учун ўзаро пресс-турлар ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Грузияда ўтказиладиган йирик халқаро туризм кўргазмалари, форумлар ва бошқа нуфузли тадбирларда мунтазам иштирок этиш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув якунида ўзаро сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, миллий туризм маҳсулотларини халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш, қўшма туризм лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.