Ўзбекистон ва Венгрия кенгайтирилган стратегик ҳамкорликни йўлга қўйди

Ўзбекистон ва Венгрия кенгайтирилган стратегик ҳамкорликни йўлга қўйди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан сешанба куни Будапештда кенгайтирилган стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Расмий ташриф давомида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, жумладан, Экстрадиция тўғрисидаги шартнома, Иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, табиий офатларни бошқариш, илм-фан ва инновациялар, тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро келишувлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон ва Венгрия кенгайтирилган стратегик ҳамкорликни йўлга қўйди
Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбаннинг «Кармелита» саройида бўлиб ўтган музокараларида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хабар қилинишича, қўшма инвестицион лойиҳаларнинг жорий портфели 500 миллион долларни ташкил этади. Жорий ташриф учун яна 1,5 миллиард евролик лойиҳалар тайёрланган.

Биринчи босқичда товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, импорт ўрнини босиш имкониятлари ва GSP+ мақоми ҳисобига 500 миллион еврога етказиш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда лабораториялар Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилади, товарларни олдиндан сертификатлаш дастури ва экспорт қилувчи компанияларга кўмаклашиш бўйича қўшма платформа ишга туширилади.

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашди. Терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа замонавий хавфсизлик муаммоларига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар июль ойида Будапештда бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Инвестициявий ҳамкорлик дастурини қабул қилишга келишиб олди.

Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгаши фаолиятини давом эттириш ва унинг навбатдаги йиғилишини яқин келажакда бизнес вакилларини кенг жалб этган ҳолда ўтказиш таклиф этилди.

Ишбилармонлик, сайёҳлик ва маданий алоқаларни фаоллаштириш мақсадида икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Келгуси йилни Ўзбекистон ва Венгрия маданияти йили деб эълон қилиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, икки диплом тизимини жорий этиш ва Ўзбекистонда Венгрия университетларининг филиалларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Венгрия кенгайтирилган стратегик ҳамкорликни йўлга қўйди
Шу куни президент Мирзиёев Венгрия ишбилармон доиралари биланам учрашди. OTP Bank, BDPST Group, 4iG, Indotek, MVM, Duna Group, MOL Group, H2O Consortium, Inpark, Wizz Air ва бошқа кўплаб компанияларнинг топ менежерлари ва асосчилари иштирок этди.

Янги лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, йўллар ва логистика марказларини қуриш, коммунал тармоқларни ривожлантириш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рақамли технологиялар, аквакультура каби соҳаларда келишувларга эришилди.

Бундай ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш учун Ўзбекистонда Венгриянинг Inpark оператори бошқарувида Европа компаниялари учун махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.