Венгрия бош вазири Виктор Орбан раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев қатнашди.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида жаҳонда геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатлари кучайиб бораётган бугунги мураккаб вазият шиддат билан ўзгариб бораётганини қайд этди.
Президент долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ низомига таянган ҳолда ташкилот давлатларининг умумий ёндашув ва позицияларини мустаҳкамлаш муҳимлигини айтди.
У ТДТ доирасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталар экан, бу борада ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатиб ўтди ва қатор янги таклифлар билдирди.
Сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу ҳужжат халқларни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликнинг узоқ муддатли ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Шавкат Мирзиёев савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникациявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, ташкилот мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмасида ўзаро савдо улушини ошириш мақсадида «Турк-трейд» онлайн платформасини яратиш ва товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича амалий дастур қабул қилиш таклиф этилди.
Давлат раҳбари Туркий инвестиция жамғармаси таъсис этилганини олқишлаб, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Қўшма венчур компанияси ва ташкилотга аъзо мамлакатларнинг инвестициявий имкониятларини тақдим этадиган ягона портал ташкил этиш муҳим эканини таъкидлади.
Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида йирик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон етакчиси иқлим кун тартибига тўхталар экан, яқинда Самарқанд шаҳрида ўтган Халқаро иқлим форуми давомида «яшил» тараққиёт соҳасида глобал ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилганини қайд этди. Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Будапешт шаҳрида Қурғоқчиликнинг олдини олиш институтини ишга тушириш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Унинг фаолиятига кўмаклашиш ва мақсадли лойиҳаларга кенгроқ жалб қилиш учун қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Президент фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар халқаро университетининг очилиши ташкилотга аъзо мамлакатларнинг таълим дастурларини амалга ошириш ва иқтидорли ёшларни тайёрлашга муносиб ҳисса бўлиши таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Туркий маданият жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.
Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев туркиялик атоқли олим, биокимёгар, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжарни Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлгани билан табриклади.
Саммит якунида Будапешт декларацияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.