«Кўплаб натижаларга эришилди, янги ташаббуслар илгари сурилди, олдимизда бажарилиши керак бўлган ишлар кўлами ундан-да кўп. Ҳеч шубҳасиз, ушбу платформа минтақамиз ва Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд алоқаларни мустаҳкамлашга ва янгиларини яратишга хизмат қилади», — деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram каналида.
Вазирлар «Шимол — Жануб» халқаро транспорт йўлаги (ХТЙ)дан янада фаол фойдаланишни қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Туркманистон Ҳиндистонни Эрон ва Марказий Осиё орқали МДҲ мамлакатлари ва Европа билан боғлаши мумкин бўлган ушбу йўналишда институционал иштирок этишга тайёр эканини яна бир бор қайд этди.
Қозоғистон Хитойнинг «Макон ва йўл»и билан боғланиш ва Каспий денгизи портлари томон транзит учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ХТЙнинг шарқий тармоғи бўйича ташаббусни алоҳида тақдим этди.
Эрондаги Чобаҳор портини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, Ҳиндистон у ерда ўз иштирокини узоқ муддатли асосда мустаҳкамлашга интилмоқда. Хусусан, Шаҳид Беҳешти терминали орқали Марказий Осиё мамлакатларини логистика занжирларига интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Минтақа мамлакатлари учун бу ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, жумладан, санкциялар хавфи ва йирик давлатлар рақобатини ҳисобга олган ҳолда прагматик танловдир.
«Ҳиндистон — Марказий Осиё» форматида янграётган анъанавий мавзу — рақамлаштириш. Нью Деҳли минтақа мамлакатларига ўз ечимлари тўплами — India Stack асосида рақамли жамоат инфратузилмасини яратишда ёрдам беришни таклиф қилмоқда, тўплам идентификация (Aadhaar), электрон тўловлар (UPI) ва ҳужжат айланишини ўз ичига олади.
Ўзбекистон Рақамли ҳамкорлик форумининг биринчи йиғилишини ўтказишни таклиф қилди ва бу ташаббус қўллаб-қувватланди. Марказий Осиё мамлакатлари, умуман олганда, Ҳиндистоннинг давлат хизматлари учун рақамли платформаларни яратиш ва молиявий инклюзияни ривожлантириш тажрибасини ўрганишдан манфаатдор.
Эътиборлиси, якуний баёнотда нодир ер ва муҳим минералларни қидириш билан боғлиқ блок мавжуд. 2024 йил сентябрь ойида Нью Деҳлида ушбу мавзу бўйича биринчи Ҳиндистон-Марказий Осиё форуми бўлиб ўтганди. Бу галги йиғилишда уни яна бир бор ўтказиш таклифи билдирилди.
Вазирларнинг навбатдаги учрашуви 2026 йилга белгиланган, 2025 йил охиригача эса иккинчи Ҳиндистон — Марказий Осиё саммитини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бахтиёр Саидов Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан ҳам учрашди. «Биз барча соҳаларда истисносиз катта салоҳият мавжудлигини таъкидладик. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида яқин ҳамкорликни жадаллаштириб, янада аниқ натижаларга эришиш йўлида барча имкониятларни ишга соламиз», — деди у музокаралар якунларига изоҳ бераркан.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.