Суҳбатда ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланиб бораётгани, ташқи ишлар вазирликлари даражасида конструктив сиёсий мулоқотлар йўлга қўйилгани, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашгани ва товар айирбошлаш ортиб бораётгани қайд этилди.
Май ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилди. Кооперациянинг қатор янги йўналишлари ва лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
«Замонавий таҳдидлар ва олдиндан айтиб бўлмайдиган халқаро вазиятни ҳисобга олиб, ташқи сиёсий идоралар, шу жумладан Европа институтлари билан шериклик доирасида тизимли ҳамкорлик қилиш, мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди», — дейилади хабарда.
Томонлар товар айирбошлашни кўпайтириш, энг аввало, ўзаро етказиб берилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистондан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кимё маҳсулотлари, полимерлар, Словакиядан эса каучук, автомобиль қисмлари, фармацевтика ва бошқа саноат товарларини етказиб бериш шулар жумласидан.
Словакиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича кенг кўламли дастурни тайёрлаш, жумладан, агросаноат мажмуи, автомобиллар учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, «яшил» энергетика ва туризм лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Рақамли ечимларни жорий этиш ва стартап инвестициялар соҳасида катта имкониятлар мавжуд. Шу маънода, IT стартапларини акселерация қилиш бўйича қўшма венчур фондини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар ўзаро кўргазмалар, кино намойишлари, концертлар, шунингдек, музей иши соҳасидаги лойиҳаларни ўтказишни назарда тутувчи Маданият соҳасида ҳамкорлик дастурини қабул қилишга келишиб олди.
Словакия томони ташкиллаштирилган меҳнат миграциясида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор экани таъкидланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.