«Биз жаноб президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатимизнинг катта қисмини ҳарбий-саноат комплексига бағишладик. Агар мудофаа харажатлари ошадиган бўлса, бу бошқа секторлар ҳисобидан содир бўлмаслиги ва фақат АҚШ ёки Исроилдан қурол сотиб олиш билан бирга бўлмаслиги керак деган фикрга иккимиз ҳам қўшиламиз. Бизнинг вазифамиз иложи борича ўз уйимизда кўпроқ ишлаб чиқаришдир», — деди у.
Роберт Фицонинг сўзларига кўра, Словакия томони Ўзбекистон президенти ва бош вазирига «тобора муваффақиятли бўлиб бораётган» ўз мудофаа саноати сегментларини тақдим этган.
«Эслатиб ўтаман, 2024 йилда Словакия мудофаа саноати ялпи ички маҳсулотга 1,1 миллиард евродан ортиқ ҳисса қўшди, 2025 йилда эса бу 1,5 миллиард еврони ташкил этишини кутмоқдамиз», — деди у.
Бош вазир Словакия бу соҳада қўшма лойиҳаларни ишга туширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
«Агар биз президент билан гаплашган ўқ-дориларни йиғиш линиялари ёки Т типидаги танклар ва пиёдалар жанговар машиналарини модернизация қилиш каби қўшма лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлганимизда, ҳажмлар янада ошиши мумкин эди. Биз ўз ишлаб чиқаришимиз ва қўшма корхоналарга сармоя киритган бўлардик», — деди у.
Роберт Фицонинг сўзларига кўра, Ўзбекистон катта армия салоҳиятига, жумладан, Совет Иттифоқи ва Россияда ишлаб чиқарилган техникага эга.
«Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам катта армия бор, асосан Россия ёки Совет Иттифоқи қуроллари билан таъминланганини ҳисобга олсак, Словакия компаниялари учун бу ерда имкониятлар жуда катта — ҳатто биз тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроқ», — деди бош вазир.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Словакия Республикаси ҳарбий делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрганди.
Россиянинг қўшни Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан бери словак ўқ-дори ишлаб чиқарувчилари, бош вазир Роберт Фицо Словакия томонидан Украинани ҳар қандай ҳарбий қўллаб-қувватлашни истисно қилганига қарамай, рекорд даражадаги буюртмаларни олди.
Мудофаа вазири Роберт Калиняк эришилган натижалардан мамнунлигини билдирди:
«Ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича камтарона умидларим амалга ошганидан хурсандман. Бу ажойиб, чунки у иш ўринлари ва маошларни яратади», — деди у Братиславада журналистларга.
Словакия йилига 120 мингдан ортиқ снаряд ишлаб чиқариш ҳажми билан Европадаги энг йирик калибрли ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчилари қаторига киради. Ишлаб чиқариш билан миллиардер Михал Стрнад бошчилигидаги Czechoslovak Group`га тегишли иккита компания шуғулланади.
Словакияда ўқ-дорилардан ташқари, гаубицалар ва бошқа ҳарбий техникалар ишлаб чиқарадиган заводлар ишлайди.
Аввал хабар қилинганидек, мамлакатлар товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, агросектор, автомобиль компонентларини маҳаллийлаштириш, туризм ва фармацевтика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни бошлашга келишиб олган. Томонлар IT стартаплар учун қўшма венчур фондини ташкил этиш ва ташкиллаштирилган миграцияни йўлга қўйиш устида иш олиб боради.
Словакия бош вазири мамлакатлар товар айирбошлаш ҳажмини 100 млн еврогача оширишни режалаштираётганини маълум қилди. У Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар — аэропортларда метеорологик тизимларни модернизация қилиш, транспортда ақлли ечимлар, Ангренда ферроқотишмалар ишлаб чиқариш ва бошқаларни санаб ўтди.
Ўзбекистон Словакия билан автомобиллар учун бутловчи қисмлар — ёритиш тизимлари, резинотехника буюмлари, сенсорлар, тормоз тизимлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар яратиш ташаббусини илгари сурди, — деди бош вазир Абдулла Арипов. Шунингдек, IT, туризм, энергетика ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар муҳокама қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.