Давлат раҳбари Россия ва Украина ўртасида Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан-тўғри музокараларни олқишлади. 16 май куни давлатлар 2022 йилдан буён илк марта тўғридан-тўғри музокараларга қайта киришди. Ҳозирча томонлар эълон қилган ягона келишув «1000 га 1000» формуласи бўйича ҳарбий асирларни алмашиш ҳисобланади. Музокараларнинг иккинчи раунди 2 июнь куни бўлиб ўтди.
«Бугунги дунё катта синовларни бошидан кечирмоқда. Глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланиш жиддий таҳдидлар тобора кучаймоқда. Геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгармоқда», — деди давлат раҳбари.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан 1,5 баравар ортиб, 2,5 трлн долларга етган. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги ҳисобига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари кетма-кет учинчи йил пасаймоқда.
«Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Буни ҳаммамиз кўриб, билиб, сезиб турибмиз», — деди у.
«Энг ачинарлиси — инсоният учун энг долзарб муаммолар: озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгариши каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Буни ҳаммамиз тушуниб турибмиз ва мана шунга қараб ҳаракат қилишимиз керак», — дея фикрини давом эттирди президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томони Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур деб ҳисоблашини ва Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан-тўғри музокараларни олқишлашини айтди.
«Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. XXI асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақли. Глобал кун тартибидаги яна бир масала бу қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборат. Бу давлатнинг амалдаги ҳукумати билан халқаро майдонда конструктив мулоқот олиб бориш, унинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳим деб ўйлаймиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
У, мазкур мамлакатдаги осойишталик ва иқтисодий ривожланиш ён атрофдаги барча минтақаларнинг узоқ муддатли тараққиёти учун зарур омил деб ҳисоблашини қўшимча қилди.
«Мен ҳозир таъкидлаб ўтган муаммолар бўйича барча шерик давлатларимизни очиқ ва кенг кўламли халқаро ҳамкорликка чақирамиз. Чунки форумнинг асосий мақсади бўлган инвестициялар фақат иқтисодий тараққиёт эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир деб биламиз. Келинг, биргаликда шундай инвестиция муҳитини яратайликки, у даромад келтириш билан бирга инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айлансин», — деди Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.