«Ўзбекистон Словакия учун жуда истиқболли бўлган Марказий Осиё мамлакатидир. Муносабатларимизда ғашимизга тегадиган бирон-бир масала йўқ — умуман мавжуд эмас. Бу ерда сиёсий кун тартиби деб аташ мумкин бўлган ҳеч нарса йўқ», — деди у.
Фицо Ўзбекистон мустақил ташқи сиёсат юритаётганини таъкидлаб, бу сиёсатдан ҳайратда эканини билдирди.
«Бу — суверен ташқи сиёсат олиб борадиган суверен давлат. Мен буни ҳурмат қиламан ва халқаро муносабатларга бундай ёндашувдан ҳайратланаман».
Унинг қўшимча қилишича, ўзи ҳам Словакияда суверен ташқи сиёсат олиб боришга интилмоқда, бироқ бу «Европа Иттифоқи доирасида эмас».
«„Ягона тўғри“ деб ҳисобланган фикрдан фарқли фикр билдиришинг биланоқ сенга жазо билан дўқ қилиб, содиқ эмассан дея айблай бошлашади».
Фицонинг фикрича, сиёсат «дунёнинг тўрт томонига йўналтирилган» бўлиши керак.
«Ўтган ҳафта Италияда бўлдик, бугун Ўзбекистонда бўлдик, эртага ишни давом эттирамиз. Бу ерда катта инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. 10 июнь куни Сенат раиси билан ҳам учрашувимиз бор, кейин Қозоғистонга борамиз, у ерда ҳам худди шундай имкониятларни кутамиз».
Словакия ҳукумати раҳбари ташриф ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, дўстона муҳитни қайд этди.
«Самимий айтяпман: Ўзбекистон эришган ютуқлар учун катта миннатдорлик ва чуқур ҳурмат билдираман. Эҳтимол, бошқа мамлакатларга, айниқса, Европа Иттифоқидаги каби ўзига ошиқ бўлганларга бироз камтарроқ бўлишни маслаҳат берган бўлардим».
У Европа институтларининг ҳаддан ташқари ўзига ишонишини танқид қилди:
«Европа Иттифоқи ўзига жуда берилиб кетган: ўзини энг ақлли, энг чиройли, энг тўғри деб ҳисоблайди, атрофдагиларга ўргатишга тайёр. Теварак-атрофга кўпроқ қараш керак. Бу дунё хилма-хил ва кўплаб илҳомлантирувчи мисолларни тақдим этади. Ва мен Ўзбекистонда ҳам ўрганадиган нарсалар бор деб ўйлайман. Бунга ҳурмат ва қадр билан қараш керак».
Журналистлардан бири мамлакатнинг демократик тузилишида бўлиши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида савол берганда, Фицо кескин жавоб қайтарди:
«Йўқ-йўқ, сиз яна гапни бошқа томонга буряпсиз», — деди у.
Бош вазир Ўзбекистон тажрибасидан айнан нимани ўрганмоқчи эканини тушунтириш сўралганда яна бир бор матбуот вакилини унинг сўзларини бузиб кўрсатишда айблади: «Сиз яна мавзудан четга чиқяпсиз. Мен демократик тузумни ўзгартириш ҳақида гапирмадим. Мен эркин демократик сайловларга асосланган сиёсий тизимни ислоҳ қилиш ҳақида гапирдим. Илтимос, менинг сўзларимни тўғри ишлатинг. Сиз ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб, ўзингизча талқин қилишингиз туфайли мен аллақачон ўзимни четга олишга мажбур бўляпман», — деди Фицо.
Фицо ҳозирги тизим самарали бошқарувга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади:
«100 та сиёсий партия бўлса, самарали рақобат қила олмайсиз. Ҳукумат тўртта сиёсий субъектдан иборат бўлса, самарали бошқара олмайсиз. Кечаю кундуз аҳмоқона саволларга жавоб бериб, ақлдан озган ва ярим ақлдан озганлар билан беҳуда баҳслашсангиз, ишлай олмайсиз».
Бош вазир Ўзбекистондаги барқарорлик ва ривожланишга бўлган эътиборни юқори баҳолаганини қўшимча қилди: «Бутун эътиборини ишга қарата оладиган мамлакатингиз бўлса, бу жуда катта афзаллик. Бу ўз моделини доно ва ҳурматли президент асосида қураётган мамлакатдир».
Унинг сўзларига кўра, у Словакияда демократик ва эркин парламент сайловлари ўтказилишини ва сиёсий партиялар сонини камайтириш учун тизимни ўзгартириш зарурлигини назарда тутмоқда.
«Биз бундай форматда давом эта олмаймиз. 100 та партия бўлиши мумкин эмас. Атиги тўрт аъзоси бўлган партия бўлиши мумкин эмас», — деб ҳисоблайди у.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Роберт Фицо Словакия ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолаганди.
Аввал хабар қилинганидек, мамлакатлар товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, агросектор, автомобиль компонентларини маҳаллийлаштириш, туризм ва фармацевтика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни бошлашга келишиб олган. Томонлар IT стартаплар учун қўшма венчур фондини ташкил этиш ва ташкиллаштирилган миграцияни йўлга қўйиш устида иш олиб боради.
Словакия бош вазири мамлакатлар товар айирбошлаш ҳажмини 100 млн еврогача оширишни режалаштираётганини маълум қилди. У Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар — аэропортларда метеорологик тизимларни модернизация қилиш, транспортда ақлли ечимлар, Ангренда ферроқотишмалар ишлаб чиқариш ва бошқаларни санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, томонлар ўқ-дорилар ишлаб чиқариш ва танкларни модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни ҳам муҳокама қилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.