Ўзбекистон юборган нота диққат билан ўрганилмоқда — Россия ТИВ

Ўзбекистон юборган нота диққат билан ўрганилмоқда — Россия ТИВ

Россия ТИВ Ўзбекистон элчихонасининг меҳнат мигрантлари билан боғлиқ вазият юзасидан яқинда юборган нотасини диққат билан ўрганмоқда. Бу ҳақда ТАСС вазирлик матбуот котиби Мария Захаровага таяниб хабар берди.

Вазирлик Ўзбекистон нотасидаги маълумотларни диққат билан кўриб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамкорларнинг тегишли сўрови ваколатли органларга етказилгани, олинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда Тошкентга юборилишини маълум қилди.

«Ўзбекистон элчихонасидан нота олингани муносабати билан биз ундаги маълумотларни синчиклаб ўрганмоқдамиз. Бизда ҳуқуқ-тартибот ва бошқа хизматлар орқали тўғридан тўғри алоқа каналлари мавжуд. Иттифоқчилар ўртасидаги анъанага кўра, суҳбат самимий бўлиб, ҳар қандай сигнал синчковлик билан кўриб чиқилади. Ўзбекистон томонининг юқорида қайд этилган сўрови бўйича олинган маълумотлар ваколатли органларга етказилади», — деди Захарова.

Шунингдек, Захарова Ўзбекистон билан мустаҳкам иттифоқчилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мавжудлиги ва икки томонлама муносабатларнинг барча мавзуларига шу нуқтаи назардан ёндашилаётганини таъкидлаган.

Бир неча кун аввал Москвада ОМОН ходимлари Мудофаа вазирлигининг Строгино туманидаги муассасаларидан бирида жойлашган меҳнат муҳожирлари ётоқхонасида «қаттиқ» рейд ўтказганди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларга қўпол муносабатда бўлган: эркакларни хоналаридан ҳайдаб чиқарган, секин ҳаракат қилганларни эса тепки ва шапалоқ билан туртиб чиқарган. Ёзувда муҳожирларга нисбатан ишлатилган ҳақоратли сўзларни ҳам эшитиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 28−29 апрель кунлари Москвада Ўзбекистон ва Россия вакиллари ўртасида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлганди. Прокуратуралар ушбу мамлакатларда икки давлат фуқароларининг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.