Президент Афғонистон саноат ва савдо вазири в.б.ни қабул қилди

Президент Афғонистон саноат ва савдо вазири в.б.ни қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида иштирок этаётган Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, вазир Ўзбекистон раҳбарига Афғонистон раҳбариятининг саломини етказди.

Учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, шунингдек, геология-қидирув ва кончилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Афғонистон саноат ва савдо вазири в.б.ни қабул қилди
Томонлар ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони ортиб бораётгани, икки мамлакат компаниялари иштирокида ишбилармонлик миссиялари ва кўргазмаларнинг мунтазам ўтказиб келинаётганини олқишлади. Термиз шаҳридаги Халқаро савдо маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Май ойида Кобул ва Мозори Шарифда Ўзбекистон савдо уйлари очилди.

Шавкат Мирзиёев иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

«Ҳайратон» саноат марказини тезроқ қуриш ва унда фармацевтика маҳсулотлари, мебелсозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини жойлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Президент, шунингдек, Трансафғон темирйўли ва «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши каби йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.