Ўзбекистоннинг Мальдив оролларидаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Мальдив оролларидаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистон Мальдив оролларига ўзининг биринчи элчисини тайинлади. У Ҳиндистондаги элчи Сардор Рустамбоев бўлди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

12 июнь куни Сардор Рустамбоев Мальдив Республикаси президенти Муҳаммад Муиззуга ишонч ёрлиқларини топширди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Президент Муҳаммад Муиззу Мальдив ороллари Ўзбекистон билан БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро манфаатли масалалар, жумладан, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Туризм ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида кўриб чиқилди. Хусусан, мальдивлик талабаларнинг Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни очиш, виза режимини соддалаштириш ва қўшма туристик пакетларни ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Айни пайтда Ўзбекистон авиакомпаниялари Мальдив оролларига чартер рейсларини амалга оширмоқда.

Томонлар, шунингдек, давлат раҳбарлари, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакилларининг ташрифларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон ва Мальдив ороллари ўртасида 1994 йил 7 декабрда дипломатик муносабатлар ўрнатилган.

Сардор Рустамбоев 1978 йилда туғилган. Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат шарқшунослик университети, Лондон университетининг (Буюк Британия) Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби, Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган. Сиёсий фанлар номзоди илмий даражасига эга.

У Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 2000 йилдан буён қатор лавозимларда фаолият юритган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибиятида ишлаган. 2018−2023 йилларда Франциядаги элчихонасига раҳбарлик қилган.

У 2019 йилда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан ёш ва прогрессив раҳбарларнинг Топ — 35 рўйхатига киритилганди.

Сардор Рустамбоев 2024 йил январидан Деҳлидаги элчи лавозимида ишлаб келади. Бунгача у Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги дипломатик миссиясини бошқарган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.