Камбағал оилалар ижтимоий ҳимояда: Ўзбекистонда камбағаллик реестри шакллантирилади

Камбағал оилалар ижтимоий ҳимояда: Ўзбекистонда камбағаллик реестри шакллантирилади

Бугунги кунда дунё миқёсида ижтимоий тенгсизлик, камбағаллик ва эҳтиёжмандлик масалалари ҳар бир мамлакат олдида долзарб муаммо сифатида турибди. Ўзбекистон ҳам бу борада бефарқ эмас. Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – оддий одамлар, хусусан, кам таъминланган оилаларнинг ҳаётини яхшилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Шубҳасиз, сўнгги йилларда камбағал, ижтимоий моддий кўмакка муҳтож оилаларга қулай имкониятлар яратиш, имкон қадар камбғалликни қисқартиришга доир муҳим чора тадбирлар ўз самарасини бермай қолмади. Айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби тизимларнинг жорий этилиши эҳтиёжманд қатламларни аниқ аниқлаш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш имконини берди. Бугун ҳар бир маҳалла фаоли, хотин-қизлар фаоли ёки ёшлар етакчиси ўз ҳудудидаги камбағал оилалар ҳолатидан яхши хабардор.

Нафақалар ва ёрдамлар — адолатли тақсимот сари

Камбағал оилаларга тўланадиган нафақалар, бир марталик моддий ёрдамлар, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар орқали уларнинг молиявий юкини камайтириш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Энг асосийси, бу ёрдамлар энди рақамли тизимлар орқали шаффоф тарзда ажратилмоқда. Бу эса коррупсия ва ноҳақликнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бандлик — камбағалликдан чиқишнинг самарали йўли

Камбағалликни камайтиришнинг энг самарали йўли — аҳолини иш билан таъминлашдир. Шу мақсадда касб-ҳунар марказлари фаолияти кенгайтирилмоқда, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқароларга давлат томонидан грантлар ва кредитлар ажратилмоқда. Айниқса, аёллар ва ёшлар бандлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни вақтда давлатимиз раҳбари томонидан 2025-йил 8-май санасида “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги Президент Фармонининг қабул қилинганлиги ижтимоий таъминотга муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб қувватлаш ва уларга имкон қадар моддий томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги муҳим сай-ҳаракатлардан бири дейишимиз мумкин. Фармонга кўра, жорий йилнинг 15 -май санасидан Камбағалоилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи мавжуд бўлган оилалар ўз навбатида “қизил”, “сариқ” ҳамда “яшил” тоифаларга бўлиниб, қайси тоифага мансублигига қараб қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Тоифалар кетма-кетлиги:

“Қизил” тоифага -оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар, яъниким,

  • аъзоларининг камида бир нафари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмаган оила;

парваришга муҳтож аъзоси, шу жумладан, ногиронлиги мавжуд фарзанди бўлган оила;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ёхуд ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсдан иборат бўлган оила;

— боқувчисини йўқотган ёки боқувчиси жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила;

“сариқ” тоифага — оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ҳамда аъзолари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган оилалар;

“яшил” тоифага — оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар киритилади:

  • оила “қизил” ёки “сариқ” тоифадан чиқарилган бўлса;
  • оиланинг Камбағал оилалар реестрига киритилиши эҳтимоли юқори бўлса.

Фармонга мувофиқ 2025-йил 1-июндан бошлаб, қонунчилик ҳужжатларида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар учун белгиланган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади, 2026-йил 1-январдан бошлаб эса фақат Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга кўрсатилади. Шу ўринда, давлат хизматларидан фойдаланиш учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда “сариқ” тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, “қизил” тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўллаш амалиёти жорий қилинди. Фармонга асосан, яна бир муҳум янгиликлардан бири, “қизил” тоифага киритилган оилаларнинг “ало” баҳоларга ўқиган талаба қизларига базавий стипендиянинг 2 баравари миқдорида махсус стипендия тўлаш тартиби жорий этилиши бўлиб, бу амалиёт, шубҳасиз, фуқароларимиз учун анчагина енгиллик туғдирди дейишимиз мумкин. Камбағал оилалар “қизил” ёки “сариқ” тоифадан “яшил” тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ўн икки ой муддат давомида сақланиб туриш мазкур Фармон билан кафолатланди. Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар қачонки, ушбу оилалар камбағал деб эътироф этилгани тўғрисидаги маълумотлар ёки шахснинг камбағал деб эътироф этилган оиланинг аъзоси экани ҳақидаги маълумотнома мавжуд бўлгандагина кўрсатилади.

Фармонга асосан мазкур янги тизимни шакллантириш ва уни такомиллаштириш юзасидан тегишли вазирлик ва давлат идораларига бир қатор вазифа ва топшириқлар юклатилиб, шу ўринда, Адлия вазирлиги зиммасига аҳолига, авваламбор “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ҳамда “Камбағал оилалар реестри” ахборот модулига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишларни олиб бориш ва бошқа шунга ўхшаш вазифалар топширилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун давлат сиёсатининг марказида фақатгина ёрдам бериш эмас, балки имконият яратиш тамойили турибди. Яъни камбағал оилаларга вақтинча ёрдам бериш эмас, балки уларни мустақил турмуш тарзига, барқарор даромад манбаига эга бўлишга ундаш — давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

Камбағаллик билан курашиш — бу фақат рақамлар ёки статистик кўрсаткичлар эмас. Бу — ҳар бир инсоннинг, ҳар бир оиланинг тақдири, орзуси ва эртанги куни демакдир. Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя тизими айнан шу ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиқиб шаклланмоқда. Энг муҳими, бу тизим юртдошларимизга: “Сен ёлғиз эмассан, давлат сен билан бирга” деган ишончни беради.

Мирзо Улуғбек тумани

юридик хизмат кўрсатиш маркази

бош юрисконсулти

Адолат Жуманиёзова

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.