Президент администрациясининг Назорат инспекцияси тугатилди, унинг ваколатлари Ҳисоб палатасига ўтказилади

Президент администрациясининг Назорат инспекцияси тугатилди, унинг ваколатлари Ҳисоб палатасига ўтказилади

Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент администрацияси ҳузуридаги Назорат инспекцияси фаолиятини кескин танқид қилиб, бугуннинг ўзида тугатилишини маълум қилди.

Давлат раҳбарининг фикрича, мазкур тузилма ўзига юклатилган вазифаларни бажара олмади.

«Назорат инспекциясига нима учун шунча ваколат берилган? Вазирларга яхши кўриниш учун, улар нимани берса, шуни кўтариб келмасдан, масалаларни ўрганиб, айбдорларни жазолаш бўйича нега таклиф киритмайди?» — деди у.

Фаолиятидаги камчилик ва муаммоларни ҳисобга олиб, уни бугуннинг ўзида тугатишга қарор қилинди. Шу боис, ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиши белгиланди.

Бундан буён ижро интизомига Ҳисоб палатаси масъул бўлади, унинг ваколатлари кенгайтирилади. У қарорлар билан берилган маблағларни фақатгина тўғри сарфланишини эмас, балки нима самара берганини, аҳоли бундан қанчалик рози бўлганини ҳам ўрганади.

Ҳисоб палатаси раиси Адиз Бобоев ҳар бир қарор ижроси натижадорлигини таҳлил қилиб, заиф нуқталар, «аравасини тортмаётган» раҳбарлар ва ишламаётган тизимлар бўйича ўз таклифини ҳар ойда президентга киритади.

Президент администрацияси ҳузуридаги Назорат инспекцияси (собиқ Президент аппарати) 1990 йилларнинг охиридан бошлаб фаолият юритиб келмоқда. Унинг асосий вазифалари президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат корхона ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилишини назорат қилиш ва текшириш, президент фармойишлари ижросини назорат қилиш ва текшириш ва бошқалардан иборат эди.

Йиғилишда президент, шунингдек, ҳоким ва вазирлар проактив, яъни топшириқ кутмасдан, ўзи ташаббус кўрсатиб ишлашга ўтиши шарт эканини таъкидлади. «Аҳоли ва бизнес сўраётган масалаларни тез-тез ҳал қилиб бериш бу раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши зарур», — деди давлат раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.