Қайд этилишича, 2024 йил виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган.
«Халқ қабулхоналари тизими ҳам аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи «диспетчер»га айланиб қолди», — деди давлат раҳбари.
Мурожаатлар ҳал бўлмагани учун, ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар кўпайган. Энг кўп мурожаатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд, ҳокимликлар, таълим, экология соҳаларига тўғри келади. Мингга яқин мурожаатларда президентнинг шахсий қабули сўралган.
«Айниқса, Тошкент шаҳри ва Бухорода мансабдор шахслар устидан шикоятлар кўпайганини ҳокимлар қачон таҳлил қилган? Вазирлар ва ҳокимлар мурожаатларга ечим бермаса, одамлар додини кимга айтсин? Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак!» — деди президент.
Шавкат Мирзиёев тизимдаги камчиликлар ҳисобга олиниб, Халқ қабулхоналарининг барча ходимлари бугундан бошлаб ишдан бўшатилиши ва масалани ҳал қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдирилишини қайд этди.
Эндиликда Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳар куни ишини шу ерда аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлайди.
«Ҳокимлар бир нарсани тушуниб олсин, бугун туғилган муаммони кейинги кунга ўтказишга йўл қўйилмайди. Мурожаатни бошқа идорага юбормасдан шу ернинг ўзида ҳал қилади», — деди президент.
Бунинг учун туман ҳокимининг ваколатлари кенгайтирилади. Масалаларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурс ҳам берилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.