Ўзбекистон туманларида бошқарув тизими ўзгаради. Президент қуйи бўғиннинг самарасизлигини кўрсатиб ўтди

Ўзбекистон туманларида бошқарув тизими ўзгаради. Президент қуйи бўғиннинг самарасизлигини кўрсатиб ўтди

Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда туманлар даражасидаги бошқарувда туб ўзгаришлар зарурлигини айтди.

«Бир нарсани тўғри тушуниб олиш зарур. Туман бўғини самарали ишламаса, юқоридан қандай топшириқ туширилмасин, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди», — деди давлат раҳбари.

У туман ходимларининг маошлари вазирликларга қараганда 3−4 баравар камлигини таъкидлади. Бу кадрлар қўнимсизлигининг сабабларидан бири сифатида таъкидланди.

Ўзбекистон туманларида бошқарув тизими ўзгаради. Президент қуйи бўғиннинг самарасизлигини кўрсатиб ўтди
Шу билан бирга, туман ҳокимига юздан ортиқ қонун ва қарорлар билан 500 га яқин функция юклатилгани, аммо уларнинг ярмидан кўпини билмаслиги таъкидланди. Чунки ўзи ҳам, ўринбосарлари ҳам 40 фоиз вақтини йиғилиш ўтказишга сарфлаяпти, деди давлат раҳбари.

Ҳокимлар штатларни мустақил тақсимлаш, «яхши раҳбарлар»ни рағбатлантириш ёки «ёмон»ини раҳбарларни алмаштириш ваколатига эга эмас. Бундан ташқари, қуйи бўғиндаги штатлар тузилмаси ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига мос келмайди.

Давлат раҳбари туманларни комплекс ривожлантиришга масъул идоралар 3−5 йилга мўлжалланган стратегик дастур ва мақсадларни шакллантирмаётгани, фақат кунлик топшириқларни бажариш билан овора бўлаётганини айтди. Оқибатда айрим туманларда ажратилган маблағ эвазига ҳам лойиҳаларни амалга ошириб бўлмаяпти.

Шу муносабат билан йил якунига қадар Ўзбекистонда туманларни бошқаришнинг янги тизимини жорий этиш бошланади. Бу тизим йил якунигача Сурхондарёда тўлиқ, қолган ҳудудларда жадал ривожлантириш белгиланган 15 та туман ва шаҳар — Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Қува, Шовот, Ҳазорасп туманлари, Марғилон ва Янгийўл шаҳарларида, Тошкент шаҳрида эса Бектемир туманида жорий қилинади.

Ислоҳот ижросига Президент администрацияси, ҳукумат вакиллари ва вилоят ҳокимлари масъул бўлади.

Президент Сирдарё тумани мисолида янги тажрибани кўрсатиб ўтди. Моделга кўра, тўққизта асосий вазирлик ва идоранинг (иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар) туман бўлимлари ҳокимлик тузилмасига ўтказилади.

Туман ҳокими ҳокимиятда ҳам, ушбу 9 та идорада ҳам штатларни ўзи тақсимлайди — ҳар бир бўлимда қанча ходим ишлашини ўзи белгилайди, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш бўйича мустақил қарор қабул қилади.

Февраль ойида Жамоатчилик ҳуқуқи маркази экспертлари Иса Ҳамедов ва Игор Цай Gazeta`га ёзган колонкасида Ўзбекистонда маҳаллий бошқарувни ислоҳ қилишнинг асосий масаласи ўзгаришларга асос бўладиган моделни танлаш эканини таъкидлаганди. Номарказлаштиришни ортга суриш ва тўлиқсиз ечимлар тизимли рискларни келтириб чиқаради, деганди улар.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.