Вазирлик сўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик янада кучайиб, қуролли тўқнашувларга айлангани, бу эса нафақат минтақада, балки бутун дунё ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотаётганини таъкидлади.
«Можаронинг авж олиши бутун минтақа барқарорлиги ва тинчлигига таҳдид солаётгани, шубҳасиз. Бу жараёнлар, аввало, оддий фуқаролар — тинч аҳоли, айниқса, болалар ва аёллар учун оғир оқибатларга олиб келмоқда», — дейилади баёнотда.
«Ўзбекистон Республикаси урушни муаммоларни ҳал этиш воситаси деб эмас, балки инсон ҳаёти, барқарорлик ва тараққиётга жиддий хавф солувчи ҳолат сифатида баҳолайди. Урушда ғолиб бўлмайди. Энг катта йўқотишни доим оддий инсонлар тортган ва бугун ҳам шундай бўлмоқда».
ТИВнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳар доим тинчликпарвар сиёсат юритиб келган ва шундай давом этади. Мамлакат барча давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириб келмоқда.
«Шу муносабат билан Ўзбекистон фуқароларини тинчликпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини сақлашга чақириб қоламиз. Можароларга нисбатан диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида муносабат билдирмаслик, ҳар қандай нафрат ва зиддият тарғибига қарши туриш барчамизнинг умумий бурчимиздир», — дейди вазирлик.
Шунингдек, фуқаролар турли провокация ва ҳақоратомуз чақириқларга учмасликка, ҳолатларга нисбатан ҳиссиёт эмас, балки вазмин муносабатни сақлаб қолишга даъват этилди. Жамиятда миллий ва диний тотувликни сақлаш — умумий барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим кафолати экани эслатиб ўтилди.
«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги барча можаролар халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатик мулоқот асосида тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини яна бир бор таъкидлайди. Тинчлик ва ўзаро ҳурмат асосидаги муносабатлар ҳар доим юртимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади».
Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ Эрон ва Исроилда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш ва тавсиялар берганди. Ҳарбий ва бошқа давлат объектларига яқинлашмаслик, уларни фото ва видеога олмаслик, одамлар гавжум жойлардан йироқда бўлиш, зарурат туғилса, хавфсиз жойларга йўл олиш сўралмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.