UNCTAD методологиясига кўра, экспорт маҳсулотлари технологик мураккаблиги ва қайта ишланиш даражасига қараб қуйидаги 6 та тоифага ажратилади:
Табиий ресурслардан қайта ишланган маҳсулотлар улуши 2 баробарга ошди. 2017-йилда бу тоифа экспортда 3,9% улушга эга бўлган бўлса, 2024-йилга келиб 8,4% га етди. Етакчи ўринларни нефт ёки битумли минераллар (31,0%), буғдой уни ва меслин уни(19, 2%), қайта ишланган тамаки маҳсулотлари (4,3%), қурилиш материаллари (3,7%) ва қолдиқ нефт маҳсулотлари (3,5%) эгаллади.
Паст технологияли маҳсулотларнинг экспортдаги улуши 14,2 фоиздан 17,1% гача ўсган ва таркиби ҳам сезиларли даражада мураккаблашган. Асосий улушни тўқимачилик ипи (37,1%), тўқимачилик маҳсулотларидан тайёр кийим-кечаклар (13,1%), трикотаж ва тўқилган матолар (8,1%), тайёр тўқимачилик буюмлари (6,3%), пахта матолари (4,4%) эгаллади.
Ўрта технологияли маҳсулотлар экспортининг умумий улуши барқарор 8 фоиз атрофида сақланиб турибди ва таркиби мураккаблашмоқда. Асосий улушни ўғитлар (19,1%) ва автомобиль қисмлари ва эҳтиёт қисмлар (18,6%), полиэтилен (12,3%), ички ёнув двигателлари (8,8%) ва маиший техника (6,7%) эгаллади.
Юқори технологияли маҳсулотларнинг умумий товарлар экспортидаги улуши 2017-йилдаги 0,5% дан 2024-йилга келиб 1,5% га етди, ўсиш эса 3 баробарни ташкил этди. Асосий улушни телевизорлар ва телевизион қурилмалар (14,6%), айланувчи электр ускуналар (14,2%), электр жиҳозлари ва аппаратуралари (10,8%) ҳамда электр энергияси ишлаб чиқарувчи машиналар ва уларнинг қисмлари (9,7%) эгаллади.
Ўзбекистон Республикасининг 2017–2024 йиллардаги экспорт таркиби таҳлили экспортнинг технологик таркиби сифат жиҳатидан мураккаблашаётганлигини, хомашё экспортидан тайёр маҳсулотларга ўтиш жадаллашаётганлигини, паст ва ўрта технологияли маҳсулотлар таркибида чуқур қайта ишлаш кучаяётганлигини, юқори технологияли маҳсулотлар экспорти барқарор ўсаётганлигини кўрсатмоқда. Экспортнинг технологик таркибида рўй бераётган ижобий силжишлар — бу мамлакат саноат салоҳиятининг ортиб бораётгани ва халқаро бозорда рақобатбардошликнинг кучайиб бораётганидан далолат беради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.