ЎзА раҳбари Россия президентига ёшлар алмашинуви дастурини қабул қилишни таклиф этди

ЎзА раҳбари Россия президентига ёшлар алмашинуви дастурини қабул қилишни таклиф этди

Россия президенти Владимир Путин Санкт Петербург халқаро иқтисодий форуми — 2025 доирасида дунёнинг етакчи ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашди. Унда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош директори Абдусаид Кўчимов ҳам иштирок этди.

«Бугун Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди. Албатта, баъзи жиҳатлар, айрим паст-баландликлар бор, хусусан, миграция соҳасида, лекин биз уларни ҳал қилиш устида иш олиб борилаётганини ҳис қилмоқдамиз», — деди Кўчимов.

ЎзА раҳбари Россия президентига ёшлар алмашинуви дастурини қабул қилишни таклиф этди
Шундан сўнг Кўчимов ёшларга оид сиёсат ҳақида сўз очди.

«Фикримча, аниқ лойиҳалар ва йўналишларни ўз ичига олган кенг кўламли, узоқ муддатли ёшлар алмашинуви дастурини қабул қилиш зарур. Бу ёшларни бир-бирига яқинлаштиришга, жамиятнинг анъанавий қадриятлари, тарихга асосланган бир-бирини узоқ йиллар давомида ижобий ва дўстона қабул қилишни мустаҳкамлашга ёрдам беради ва, албатта, мен айтган паст-баландликларни кун тартибидан олиб ташлашга кўмаклашади», — деди ЎзА бош директори.

«Албатта, биз меҳнат бозорида ҳам, ижтимоий соҳада ҳам кўплаб масалалар борлигини тушунамиз, барчамиз буни англаймиз. Шу сабабли Шавкат Миромонович билан ушбу миграция масалаларини биргаликда ҳал этишга келишиб олдик. Нега? Чунки бугунги кунда меҳнат бозоримиз қандай аҳволда эканини яхши биламиз. Сизларда ҳам маълум даражада босим мавжуд», — деди Россия президенти.

«Аммо биз биргаликда нима қилишни келишиб олдик: Россияда ишлашни хоҳлайдиганларни олдиндан тайёрлаш. Бу рус тилини, рус маданиятини ўрганишга тааллуқли ва ҳоказо — бунда бутун бошли режа яхши. Умид қиламанки, буларнинг барчасини биз ташкил этамиз», — деди Путин.

«Бу борада ёшлар билан ишлашнинг ўзи ҳам жуда муҳим ва қимматлидир. Бу ерда мен сизнинг фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Билишимча, Шавкат Миромоновичнинг ёрдамчиси — Саида Шавкатовна яқинда Москвада бўлган ва кўплаб ҳамкасбларим билан ҳукуматда, Президент администрациясида учрашган. У президент топшириғига биноан ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга, таъбир жоиз бўлса, ушбу ёшлар йўналишини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда», — деди Россия президенти.

«Бу ерда аниқ таклифлар мавжуд, шубҳасиз, ҳаммамиз биргаликда бунинг устида ишлаймиз. Ёшлар йўналиши энг муҳимларидан бири экани аниқ, фикрингизга тўлиқ қўшиламан», — дея хулоса қилди у.

Ўзбекистонлик журналистнинг Россия президенти билан мулоқоти Москвада ОМОН ходимлари Строгинодаги мигрантлар ётоқхонасида яқинда ўтказган рейдлари фонида бўлиб ўтди. Ўшанда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборганди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова эса ҳолат диққат билан кўриб чиқилишига ваъда берган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.