Шавкат Мирзиёев давлат хизмати бўйича форум иштирокчиларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев давлат хизмати бўйича форум иштирокчиларига табрик йўллади

23 июнь — БМТ томонидан белгиланган Халқаро давлат хизмати куни муносабати билан илк бор Марказий Осиё ҳудудида, хусусан, Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Давлат хизмати бўйича форуми бошланди. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига табрик йўллади.

Табрик аввалида президент форум қатнашчилари ва меҳмонларини ушбу нуфузли тадбир очилиши билан самимий қутлаб, анжуманни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри — Самарқандда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун БМТ бош котиби Антониу Гутерришга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Президент ўз табригида глобал миқёсдаги таҳдид ва муаммолар, жумладан, сиёсий қарама-қаршиликлар, иқлим ўзгариши, ресурслар танқислиги, кибертаҳдидлар бугунги давлат бошқаруви тизимига янги ёндашувларни талаб қилаётганини таъкидлади. Шунинг учун «2030 йилга қадар 5 йил: Барқарор келажак учун хизмат кўрсатиш жараёнларини жадаллаштириш» мавзусидаги мазкур форумнинг долзарблигини алоҳида қайд этди.

Давлат раҳбарига кўра, бугунги анжуманда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, турли қитъа ва минтақалардан 400 га яқин делегатларнинг иштироки форумнинг халқаро нуфузини кўрсатиб турибди.

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат хизматини ҳақиқий «халқ хизмати»га айлантириш бўйича тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганини эслатди. Жумладан:

  • халқаро экспертлар билан бирга «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди;
  • маҳаллабай ишлаш тизими жорий қилинди;
  • ижтимоий ҳимоя ва манзилли ёрдам механизмлари кенгайтирилди;
  • аёллар улуши давлат бошқарувида 35 фоизга етди;
  • 700 дан ортиқ хизмат ягона дарча ва онлайн шаклда кўрсатилмоқда.

«Давлат хизмати ва бошқаруви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш натижасида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукуматлар ривожланиш даражаси бўйича глобал рейтингида 24 поғонага, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда сўнгги бир йил ичида 17 поғонага кўтарилди», — дея қайд этган давлат раҳбари.

Президент давлат фуқаролик хизматини замон талаблари асосида ташкил этиш, иқтидорли мутахассисларни жалб қилиш, кадрлар тайёрлаш кластерларини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирди. Шу мақсадда, халқаро тажриба асосида endowment фондлари (барқарор молиявий манба) йўлга қўйилаётгани айтилди.

Давлат раҳбари халқаро ҳамкорларга икки глобал ташаббус — Ўзбекистонда Давлат хизматини рақамли трансформация қилиш бўйича Глобал билимлар марказини ҳамда Халқаро ёш етакчилар мактабини ташкил этиш ташаббусларини илгари сурди. Бу ташаббуслар келажак авлод давлат хизматчиларини етиштириш, инновацияларни жорий қилиш ва халқаро тажриба алмашинувини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ушбу форум доирасида қабул қилинадиган «Самарқанд декларацияси» барча мамлакатлар учун инклюзив, барқарор ва инсон манфаатларига йўналтирилган давлат хизматини ривожлантириш борасида амалий йўл харитаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Табрик якунида президент форум иштирокчиларига омад ва муваффақият тилаб, Ўзбекистон бу йўлда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.