Шавкат Мирзиёев Мўғулистонга боради

Шавкат Мирзиёев Мўғулистонга боради

Шавкат Мирзиёев Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан 24−25 июнь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Улан-Батор шаҳрида олий даражадаги икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги дўстлик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, кончилик, транспорт соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш эътибор марказида бўлади.

Саммит якунида келишувлар тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўтган йилнинг июнь ойида Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух Тошкентга келганди. Ўшанда Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари имтиёзли савдо ва бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олган. Мўғулистон Ўзбекистонга гўшт етказиб бериши ва чорвачилик кластерлари яратиши режа қилинган. Яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 5−10 баробарга ошириш ҳам мақсад қилинганди.

Худди ўша кунда Мўғулистон президенти, шунингдек, Ўзбекистон бош вазири ва ТИВ раҳбари иштирокида Мўғулистоннинг Тошкентдаги элчихонаси очилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.