Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди

Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди

Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор мамлакатига айланди. Бу ҳақда гуруҳнинг Бразилияда ўтаётган 17-саммити қўшма баёнотида сўз боради.

«Биз Индонезияни БРИКС аъзоси сифатида, Беларусь, Боливия, Қозоғистон, Куба, Нигерия, Малайзия, Таиланд, Вьетнам, Уганда ва Ўзбекистонни БРИКСнинг ҳамкор мамлакатлари сифатида қутлаймиз», — дейилади унда.

Бу давлатлар вакиллари БРИКС саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари саммитлари доирасидаги алоҳида йиғилишларга таклиф қилинади.

Ўзбекистон ТИВ Gazeta`га ушбу маълумотни тасдиқлади ва қуйидагиларни билдирди.

«БРИКС аъзолари — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка, шунингдек, сўнгги йилларда унга қўшилган бошқа давлатлар билан икки ва кўп томонлама алоқалар изчил ва ҳар томонлама ривожланмоқда. Ушбу ҳамкорлик савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, илм-фан, инновация ва бошқа муҳим йўналишларни қамраб олмоқда», — деди вазирлик.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мазкур платформа доирасида амалий шериклик ва очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлайди, умумий тараққиёт, барқарорлик ва манфаатли интеграцияга ҳисса қўшишга тайёр.

«БРИКС билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг прагматик ва мувозанатли йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда», — деб қўшимча қилди идора.

2024 йил охирида Ўзбекистон 1 январдан БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланиши ҳақида ёзгандик. Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Алоев Gazeta билан суҳбатда Ўзбекистон БРИКСдаги фаолиятини «қадамма-қадам» чуқурлаштиришга интилаётганини таъкидлаганди.

Июнь ойида БРИКСнинг Янги тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши Ўзбекистоннинг банкка аъзо бўлишига розилик берганди. Умумий қиймати 5 млрд долларлик қўшма лойиҳалар дастури ирригация тизимларини модернизация қилиш ва тоғ-кон саноатини ривожлантиришни ўз ичига олади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.