Суҳбатда Ўзбекистон ва Россиянинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириши ва мустаҳкамлаши муҳокама қилингани келтирилди. Савдо-иқтисодий соҳадаги келишувларга эътибор қаратилди.
«Товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар даражасидаги самарали алоқаларни, фаол маданий-гуманитар ва таълим алмашинувини кенгайтириш мақсадида ўзаро мувофиқлашган ишлар ва амалий идоралараро ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, кузда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди.
«Давлат раҳбарлари халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашди, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқди», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати. Деталлар келтирилмаган.
Кремль суҳбат ҳақида хабар бераркан, «энергетика, инвестициялар ва саноат ишлаб чиқариш соҳаларида ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганини» билдирди.
«Давлат раҳбарлари бундан буён ҳам мунтазам шахсий алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олди», — деб ёзди Россия президенти матбуот хизмати.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.