Шароф Рашидов тумани ҳокими пора билан ушланди

Шароф Рашидов тумани ҳокими пора билан ушланди

️Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими Махмуд Холбутаев коррупцияда айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик қўмитаси хабар берди.

Ҳокимликнинг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бўлими бош мутахассиси қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кирган. Унга туман ҳокимининг тегишли қарори билан Токчилик маҳалласи ҳудудида умумий ўрта таълим мактаби биносини қуриш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат олиб бериши эвазига 30 минг доллар талаб қилган.

Жорий йилнинг 5 июль куни бош мутахассис сўралган пул маблағидан 10 минг долларини олиб, туман ҳокими Махмуд Холбутаевга берган.

8 июль куни эса тадбиркордан қолган 20 минг долларни ҳам олиб, унга кўп қаватли уй қуриш учун ҳоким томонидан рухсат берилган ҳужжатларни тақдим этган.

Сўнгра бош мутахассис ҳокимият биноси олдида туман раҳбари билан учрашиб, 10 минг доллар берган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда Шароф Рашидов тумани ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан, бош мутахассисга эса Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.