Президент маъмурий бинолар атрофидаги автотураргоҳларда тартиб ўрнатишни буюрди

Президент маъмурий бинолар атрофидаги автотураргоҳларда тартиб ўрнатишни буюрди

Шавкат Мирзиёев 9 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда маъмурий бинолар яқинидаги автотураргоҳлар муаммосига тўхталди.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик ва идораларнинг маъмурий бинолари жойлашган кўчалар ёпиб қўйилгани туфайли шусиз ҳам тирбанд кўчаларда уларнинг ходимлари йўлнинг икки-уч қаторини автотураргоҳ қилиб олган ва бундан аҳоли жуда норози.

Президент топшириғига кўра, 15 минг нафар такси ҳайдовчиси ўртасида сўровнома ўтказилган. Ҳайдовчилар пойтахтда ҳам, йирик шаҳарларда ҳам қонуний автотураргоҳ етишмагани учун машиналарини йўл бўйига қўйишга мажбур бўлаётганини билдирган.

«Умуман, оддий ҳайдовчилар дардини эшитадиган одам, мулоқот платформаси йўқ десак, бу ҳам тўғри бўлади», — деди президент.

Давлат раҳбари ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбари Шерзод Ибрагимовга бир ҳафта муддатда барча ташкилот ва маҳаллалардаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни «ким рухсат берганидан қатъи назар» олиб ташлашни топширди.

Шунингдек, идоралар ходимлари ҳудуддан автотураргоҳ сифатида фойдаланиб, аҳолига ноқулайлик туғдираётган ҳудудларга фото ва видеокамералар ўрнатилади. Масъулиятли хизматлар жазонинг муқаррарлигини таъминлаши керак.

Президент давлат хизматчилари транспортда юриш бўйича аҳолига ўрнак бўлиши, жамоат транспортидан фойдаланиши кераклигини таъкидлади.

«Энди ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатдан ташқари бирорта раҳбарнинг хизмат машинасига йўлларда устунлик берилмайди», — деди у.

Йиғилишда президент ҳайдовчилар бир ой ичида икки марта қарама-қарши йўналишда ҳаракатланса, светофордан қизилда ўтса ёки тезлик меъёрига 5 марта амал қилмаса, уларга 1 йилгача жаримадан чегирма берилмаслигини айтди. Булар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса, ҳайдовчи 6 ойгача гувоҳномасидан маҳрум қилинади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.