«Ҳозирги таҳликали замон, ҳаммамиз кўриб турибмиз, одамлар тинчликнинг қадрига жуда етаётган бўляпти. Шунча ташқи сиёсатимиз билан дўст топишга ҳаракат қиляпмиз. Ислоҳотларни амалга ошириб, камбағалликни қисқартириб, ишсиз ҳудудга айлантириш учун маҳаллага берган эътиборимиз ўзининг натижасини беряпти, десак тўғри бўлади», — деди давлат раҳбари.
Президент Тошкентда тараққиёт учун катта имконият ва шароитлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади. «Биринчи марта биз 8 млрд доллар чет давлатдан инвестиция олиб кирамиз, деяпмиз. Ўзбекистонга ўзининг мулкини қўяман дейиш — бу сиёсат тўғри эканлигидан далолат», — деди у.
Давлат раҳбари вилоятлардаги сўнгги ўзгаришларни мисол тариқасида келтирди: «Ҳозир Самарқандни ҳам, Сурхондарёни ҳам ўзларингиз кўряпсиз, мана охирги марта Қашқадарёга бориб келдим. У борган жойлар „қуш учса қаноти, одам борса оёғи куярди“ деган гап бор-ку, шунақа жойлар эди. Лекин нима ўзгарди? Натижаси — меҳнат, меҳнат, яна бир марта меҳнат».
«Мен ўйлайман, мана шу Тошкентдаги кўрсаткичлар ҳам таҳсинга сазовор, десак бу ҳам тўғри. Тошкент депутатлари, халқи, айниқса, тадбиркорлари жуда катта куч-қудратли бўлди ва жуда катта нарсалар қўлидан келадиган бўлди. Мана шуларни инобатга олиб, биз уларга яна қарорлар, яна имкониятлар қилишимиз керак».
Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишида маънавият ва маданиятга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади: «Нажот — таълимда, билимда, дейман. Агар ҳаммамиз ёшлар ва аёлларнинг дарди билан яшасак, ўйлайманки, муаммонинг ўзи бўлмайди».
Президент Тошкент шаҳрида ишсизлик даражаси қарийб 4 фоизни, камбағаллик даражаси эса 3,3 фоизни ташкил этганини эслатди.
«Мен бугун топшириқ бердим, шу йил якуни бўйича Тошкент шаҳри ҳамма соҳада намуна бўлсин. Бунга имкон борми, йўқми? Бор! Нимага қодир эканлигимизни биз мана шу охирги йилларда кўрсатдик ва „қилса бўлар экан-ку“ деган ибора пайдо бўлди. Албатта, айтиш осон, лекин бунда режа қилиш — бу келажагимизни ўйлаб қилган қадамларимиздан далолат», — деди у.
Шу маҳаллада жиноят бўлмаслигини ваъда қилган катта лейтенантга президент капитан унвонини берди. «Ҳар бир „участкавой“ шундай ҳаракат қилса, бизда жиноят бўлмайди. Сенга ўхшаганларни тарбия қилмоқчиман», — деди давлат раҳбари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.