Спортчи вазиятга аниқлик киритаркан, ҳеч қандай тақиқланган модда истеъмол қилмаганини таъкидлади:
— Мен ҳам бу борада ўз фикримни билдирмоқчиман. Мени мусобақалардан четлатишларига сабаб — бирор тақиқланган модда истеъмол қилганим эмас, балки антидопинг тизимининг жойлашув ҳақидаги қоидаларини бузганим бўлди, — деди Рашитов.
Унинг таъкидлашича, антидопинг агентлиги ҳар бир спортчидан махсус тизим орқали ўз жойлашуви — яъни қаерда тунаши ва машғулот ўтказишини аниқ кўрсатиб боришини талаб қилади.
— Ноябрь ойида, эрталаб соат 06:00 да текширувчилар келди. Ваҳоланки, мен тизимда кечки соат 21:00 да белгиланган манзилда бўлишимни кўрсатган эдим. Ҳеч қандай олдиндан огоҳлантириш ёки телефон қўнғироғи бўлмади, фақат SMS юборишди. Тўрт ой ўтгач эса, бу ҳолат қоидабузарлик сифатида баҳоланиб, мени дисквалификация қилишгани ҳақида хат олдим. Охирги марта 22 апрелда допинг-намуна топширдим ва улар менга барчаси жойида эканлигини айтишди. Бу ҳолат мени ҳайратда қолдирди, — дея давом этди спортчи.
Рашитов сўзининг якунида барча қўллаб-қувватловчиларга миннатдорлик билдирар экан, келгуси режалари ҳақида ҳам гапирди:
— Бўлиб ўтган воқеани ортга қайтариб бўлмайди. Менда 2028 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун катта истак ва ғайрат бор. Тайёрланаман ва қўлимдан келган барча ишни қиламан. Қўллаб-қувватлаганингиз ва тушунганингиз учун барчангизга катта раҳмат.
Маълумот учун, таэквондо бўйича икки карра Олимпия чемпиони Улуғбек Рашитов антидопинг қоидаларини бузганликда айбдор деб топилди ва икки йил муддатга дисквалификация қилинди. У 2027 йилнинг 12 майига қадар барча мусобақалардан четлатилди.
Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Рашитов Токио 2020 ва Париж 2024 Олимпия ўйинларида 68 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. У, шунингдек, Осиё ўйинлари, Осиё чемпионати ғолиби ҳамда жаҳон чемпионати совриндори саналади. Рашитов эркаклар ўртасида таэквондо бўйича икки карра Олимпия чемпионига айланган илк спортчи сифатида тарихга кирган.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.