Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, «Ўзбеккосмос» агентлиги ва аэрокосмик технологиялар ёрдамида қишлоқ ва сув хўжалигидаги ишларнинг ҳақиқий ҳолати ва мавжуд муаммоларни холисона аниқлаш имкони пайдо бўлмоқда.
Охирги икки йил давомида 4 миллион гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларининг космик мониторинги натижаларига кўра, ҳисоботларда пахта билан банд деб кўрсатилган айрим майдонларда амалда экилмаган. Баъзан эса захирадаги ёки эгаси номаълум ерларга экилган.
Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун давлат томонидан ажратилаётган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан масофавий мониторинг тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берди.
Иқлим ўзгариши ва сув танқислигининг кучайиши шароитида қурғоқчиликка чидамли янги навлар, қишлоқ хўжалиги технологиялари жорий этилмоқда. Бироқ суғоришда фойдаланиладиган сув истеъмол меъёрлари эскирган ва замон талабларига жавоб бермайди. Гидромодул районлаштириш ёндашуви ҳам эскиргани оқибатида каналлар охирида жойлашган 3 мингдан зиёд фермерга сув етиб бормаяпти.
Шавкат Мирзиёев қишлоқ ва сув хўжалиги тизимига илмий институтларни жалб қилган ҳолда суғориш нормалари ва гидромодулли раёнлаштириш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйди.
Бироқ республикада фермер хўжаликлари томонидан истеъмол қилинадиган сувнинг аниқ ҳисоби ҳали ҳам мавжуд эмас. Шу муносабат билан президент сувдан фойдаланишнинг барча босқичларини рақамлаштириш ва сувнинг контурма-контур ҳисобини юритиш бўйича топшириқ берди.
Шу муносабат билан барча сув ҳавзаларига «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш, сув ҳажмининг онлайн мониторингини йўлга қўйиш ва лойқаланишни камайтириш чораларини кўриш топширилди.
«Ер билан сув қишлоқ хўжалигимиз тақдирини ҳал қилувчи масала», — деди президент.
2023 йилда Ўзбекистон 164 та давлат ичида 25-ўринни эгаллаб, сув танқислиги кучайган 30 та давлат қаторидан жой олгани хабар қилинганди. Мутахассисларнинг фикрича, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда чучук сув дефицити 7 миллиард куб метрга етиши мумкин — бу тўртта Чорвоқ сув омбори ёки деярли иккита Тузкон кўлининг ҳажми. 2050 йилга бориб дефицит икки баробар ортади.
Gazeta, шунингдек, 2021−2022 йилларда Ўзбекистон бюджетидан сув хўжалигига (2,54 миллиард долларлик давлат қарзини ҳисобга олмаганда) қарийб 2 миллиард доллар ажратилганини, бироқ 2023 йилга бориб сув йўқотилиши ва насосларнинг ҳолати бу вақт ичида фақат ёмонлашганини ёзганди. 2024 йилда яна 1,7 триллион сўм ва 300 миллион доллар кредит ажратиш режалаштирилган эди. Ушбу соҳада сарф-харажатларнинг самарадорлиги сув ўлчаш воситаларининг йўқлигида саволлар туғдиради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.