Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА) Марказий Осиё келажагининг 2050 йилгача бўлган йўл харитасини тақдим этди. Тақдимот Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон элчилари ва Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили учун ўтказилди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири. Дипломатлар ҳужжат таклифларини ўз мамлакатлари ҳукуматларига етказиши, кузда эса ғоялар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Келажак сценарийларини ишлаб чиқиш май ойида Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий Осиё келажаги» форсайт семинарида бошланган. Тадбир Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Марказий Осиё халқаро институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

«Ҳозирги вақтда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг барқарор ва ижобий динамикаси шаклланмоқда. Биз мамлакатларимиз ўртасида ўзаро англашув, сиёсий ирода ва амалий ҳамкорлик даражаси ортиб бораётганини кузатмоқдамиз», — дея таъкидлади СИА директори Баҳодир Раҳматов.

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Баҳодир Раҳматов. Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

Икки кун давомида минтақадаги бешта мамлакатнинг давлат органлари, таҳлил марказлари вакиллари ва мустақил экспертлари келажакнинг асосий муаммолари — сув ресурсларини бошқариш, энергетика, транспорт ва савдо, иқлим ва ижтимоий ривожланишни муҳокама қилди. Иштирокчилар сценарийларни ишлаб чиқди, уларни кутилмаган хавф-хатарларга чидамлилик бўйича синовдан ўтказди ва давлат раҳбарлари учун аниқ тавсияларни шакллантирди.

Иш «Келажак учбурчаги» методологиясига мувофиқ тузилган бўлиб, у учта компонентни таҳлил қилишни ўз ичига олади:

  • долзарб муаммолар ва тенденциялар («замона тебранишлари»);
  • ривожланишнинг мақсадли йўналиши («келажакка интилиш»);
  • тарихий мерос, институционал ва маданий чекловлар («ўтмиш юки»).

Стратегик ислоҳотлар агентлиги натижаларга эришишни бошқариш гуруҳи координатори Азиза Умарова семинар иштирокчилари минтақани ривожлантиришнинг дадил сценарийларини илгари сурганини, «келажак метафоралари»ни ишлаб чиққанини таъкидлади. Сўнгги маълумотлар экспертларга минтақанинг ривожланиши ҳақида жамоавий тасаввурлар, хавотирлар ва хоҳишларни шакллантиришга имкон берди ҳамда ишлаб чиқилган ривожланиш сценарийларининг асосини ташкил этди.

Экспертлар нафақат тармоқлараро таҳлил ўтказиб, минтақани ривожлантиришнинг реал моделини аниқлади, балки ҳамкорликнинг асосий босқичлари, зарур чора-тадбирлари ва мумкин бўлган шаклларини ҳам белгилаб олди.

Форсайт семинарнинг асосий натижаси ҳамкорликнинг 18 та йўналишини ўз ичига олган 2025−2027 йилларга мўлжалланган йўл харитаси лойиҳаси бўлди. Улар транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик, сув ресурслари ва иқлим, энергетика ва ижтимоий ривожланиш каби тўртта блокка бирлаштирилган.

Азиза Умарованинг сўзларига кўра, барча ғоялар ҳам келишиш босқичига етиб бормаган.

«Баъзи ташаббуслар жуда амбицияли бўлиб чиқди ва кейинги муҳокамалар учун қолдирилди. Аммо йўл харитасини шакллантираётган асосий йўналишлар ўзгаришсиз қолмоқда: энергетика, транспорт, сув ва иқлим, шунингдек, ижтимоий ривожланиш», — деди у.

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Азиза Умарова. Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

Ҳужжат минтақавий ҳамкорлик архитектурасини ўзгартиришга қодир бўлган институционал ривожланиш бўйича таклифларни ўз ичига олади: ягона транспорт каркаси ва чегараолди логистика ҳабларини яратиш, умумий таълим ва тиббиёт стандартларини ишлаб чиқиш, миллий ID карталарни ўзаро тан олиш, экотизимларни сақлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ва интеграция учун рақамли платформаларни ривожлантириш.

Истиқболда устувор йўналишлар босқичма-босқич тақсимланган: 2030, 2040 ва 2050 йилларгача. Бунда минтақавий интеграция ва ривожланишнинг асосий йўналишлари қамраб олинган.

Транспорт ва савдо


Минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва савдони кенгайтириш «йўл харитаси»нинг асосий йўналишларидан бири бўлди. 2050 йилга қадар Марказий Осиё ягона транспорт йўлагини шакллантириб, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги йирик транспорт-транзит тугунига, эркин савдо марказига айланиши мумкин.

Экспертлар томонидан муҳокама қилинган ғоялар орасида 2050 йилгача бўлган минтақавий узоқ муддатли инфратузилма лойиҳаларининг йиғма режасини биргаликда ишлаб чиқиш, чегараолди логистика ҳабларини яратиш, шунингдек, бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун махсус Асосий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш имкониятларини ўрганиш бор.

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов. Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов товар айланмаси инфратузилма ривожланишидан илгарилаб кетаётганини таъкидлади.

«Минтақамиз логистикага жуда боғлиқ, шунинг учун транспорт каркаси асосий омил ҳисобланади. Бугунги кунда чегараолди ҳудудларда савдо ҳаблари, эркин ҳудудлар ва яшил йўлаклар ташкил этилмоқда. 10 йил олдин бу имконсиз туйилган бўлса, бугун бу ҳақиқатга айланди. Бироқ ўтказиш пунктларида муаммолар сақланиб қолмоқда: тирбандликлар, кечикишлар, тор жойлар. Биз бу масалаларни инфратузилмани модернизация қилиш орқали ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз, аммо логистиканинг ўсиши тезроқ. Шунинг учун, реконструкция ва кенгайтириш ҳақида гапирганда, стратегик фикрлаш керак — камида 30 йил олдинни кўрган ҳолда».

Энергетика


Йўл харитасининг энергетика бўлимида Марказий Осиё мамлакатларига мавсумий таъминотни мувозанатлаш учун ерости газ омборлари тармоғини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, экспертлар 2040 йилгача ягона энергия бозори ва тариф сиёсатини ишлаб чиқиш, стандартларни уйғунлаштириш ва операторларни мувофиқлаштириш минтақавий марказини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишни тавсия қилмоқда. Бошқа устувор йўналишлар қаторида энергия самарадор ва кам углеродли технологияларни жорий этиш, энергетика тизимларини бошқаришни рақамлаштириш, миллий тармоқларни интеграция қилиш бор.

Аксарият ташаббусларни амалга ошириш 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган. Ўзбекистон томонидан мувофиқлаштиришни Энергетика вазирлиги ва тегишли идораларга юклаш таклиф қилинмоқда.

Азиза Умарова энергетика блоки ҳали муҳокама қилиш ва такомиллаштиришни талаб қилишини таъкидлади:

«Биз нималарни ва қандай қилиб тўлдиришимиз, қайси ечимларни амалда қўллашимиз мумкинлигини биргаликда ўйлаб кўришимиз керак. Балки ақлий ҳужумлар уюштириш, тадқиқот марказларини фаолроқ жалб қилиш керакдир. Албатта, бугунги кунда баъзи таклифлар нореал кўриниши мумкин, аммо бу 20 йил ичида биз уларга етиб бора олмаймиз дегани эмас».

Ўз навбатида, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Рахмонзода қўшма энергетика лойиҳаларининг аҳамиятига эътибор қаратди.

«2025 йилда Қирғизистон ва Тожикистон энергетика тизимларини боғлаган CASA — 1000 электр узатиш линияси қурилиши якунланди. Ушбу лойиҳа мамлакатларимизга ёз мавсумида ортиқча электр энергиясини Афғонистон ва Покистонга экспорт қилиш имконини бермоқда».

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Рахмонзода. Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

Бундай мисоллар, деди дипломат, минтақа мамлакатлари ташқи бозорларга қўшма ташаббуслар билан чиқишга қодирлигини кўрсатади, шу билан бирга, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлайди ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиради.

Сув ресурслари ва иқлим


Музокаралар марказида трансчегаравий сувларни биргаликда бошқариш ва иқлим барқарорлиги, жумладан, Афғонистонни шартномавий-ҳуқуқий жараёнларга, масалан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси орқали жалб қилиш масалалари бўлди.

2050 йилгача чўлланишга қарши курашиш ва кўкаламзорлаштириш бўйича умумий дастурни ишлаб чиқиш, прогнозларни алмашиш, маълумотларни рақамлаштириш ва ягона чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун Марказий Осиё иқлим ҳабини яратиш таклиф этилмоқда.

2026 йилга бориб мамлакатлар минтақавий аграр ва сув сиёсатини мувофиқлаштириш, юқори технологияли мониторинг тизимларини жорий этиш ва ушбу соҳадаги қонунчиликни уйғунлаштириш ниятида. Ўзбекистон томонидан мувофиқлаштиришни тегишли вазирликлар — экология, сув ва қишлоқ хўжалиги, шунингдек, адлия таъминлайди.

Азиза Умарова экология ва сув ресурслари масалаларида биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади:

«Бу ерда биргаликда нима қила олишимизни кўриш муҳим. Масалан, иқлим ҳаби доирасида умумий прогнозлар, эрта огоҳлантириш тизимлари, сув захиралари ва музликлар бўйича маълумотларни рақамлаштириш устида ишлаш мумкин. Буларнинг барчасини алоҳида мамлакатлар миқёсида эмас, балки минтақа миқёсида амалга ошириш мақсадга мувофиқдир».

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

Қозоғистон элчисининг таъкидлашича, Афғонистоннинг иштироки минтақадаги барқарор сув мувозанатининг асосий шартига айланмоқда. Барча томонларнинг, жумладан, Кобулнинг манфаатларини ҳисобга олмасдан, сув танқислигини ҳал қилишга уринишлар қисман чоралар бўлиб қолавериши мумкин. Афғонистон янги гидротехник иншоотларни фаол равишда қурмоқда ва бу узоқ муддатли истиқболда Марказий Осиё мамлакатларининг сув таъминотига таъсир қилиши мумкин.

«Афғонистонни музокаралар ва халқаро келишувларга жалб қилиш жуда муҳим. Бугунги кунда улар сувнинг 15−20 фоизини олмоқда, аммо келажакда бу кўрсаткич 30 фоизгача етиши мумкин. Шунинг учун афғон томони ҳам музокаралар столида ўтириши ва сув танқислигининг ҳақиқий муаммосини тушуниши керак. Биргаликда муҳокама қилмасдан туриб, бу масалани ҳал қилиб бўлмайди», — деди Бейбут Атамкулов.

Шунингдек, у сув ва иқлим бўйича ягона минтақавий маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, умумий ахборот алмашиш тизимининг йўқлиги келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишни қийинлаштирмоқда:

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

«Агар Тожикистон ёки Қирғизистонда ўзгаришлар юз берса, бу Ўзбекистонда ҳам ўз аксини топиши муқаррар. Ўзбекистондаги дарё ҳавзалари эса, ўз навбатида, қўшни давлатларга таъсир кўрсатади. Шунинг учун бизда тарқоқ миллий ташаббуслар эмас, балки умумий маълумотлар базаси ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўлиши жуда муҳимдир».

Ижтимоий ривожланиш


Ижтимоий ривожланиш соҳасида мутахассислар минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш ва ягона ижтимоий маконни шакллантириш имконини берувчи бир қатор чора-тадбирларни таклиф этмоқда.

Таклиф этилаётган лойиҳалардан бири умумий маданий меросни замонавий маркетинг орқали тарғиб қилиш ва анъанавий тўқимачиликнинг халқаро майдонда танилишини рағбатлантириш бўлади.

2026 йилгача қўл меҳнати икатини ҳимоя қилиш ва оммалаштириш учун Тожикистон ва Қирғизистон билан интеллектуал мулк соҳасида қўшма иттифоқ тузиш имкониятини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

Бошқа ғоялар қаторида жамоавий товар белгилари, географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш, кўргазмалар ва маркетинг кампанияларини ташкил этиш, ҳунармандлар ва ёшлар учун ўқув марказларини ташкил этиш кабилар бор. Бу қадамлар нафақат маданий меросни асраб-авайлашга, балки уни халқаро бозорга олиб чиқишга, муносиб иш ўринлари яратишга ҳам ёрдам бериши мумкин.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, айнан ижтимоий соҳа интеграция драйвери бўлиш учун барча имкониятларга эга. Бугунги кунда ID ҳужжатлардан минтақа ичида фойдаланиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Бу механизм Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида аллақачон амал қилмоқда.

«Ижтимоий ривожланиш — бажариш энг осон бўлган нарса. 2040 йилгача таълим ва суғурта стандартларини бирхиллаштириш, шунингдек, дипломларни тан олиш ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини яратишга эришиш мумкин. Бу одамларнинг осонроқ ҳаракатланиши, ишлаши ва бир-биридан ўрганиши учун умумий макон яратишга имкон беради», — деди Азиза Умарова.

Тошкентда Марказий Осиё келажагининг йўл харитаси тақдим этилди
Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги.

Қозоғистон элчиси, шунингдек, Марказий Осиё аҳолисининг жадал ўсиши минтақа учун янги истиқболлар очаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, нафақат миқдорий ўсишни ҳисобга олиш, балки инсон капиталининг сифатига, биринчи навбатда, таълимга эътибор қаратиш муҳимдир.

«Бугунги кунда Марказий Осиёда 80 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди — бу фақат ички имкониятларни ҳисобга олганда ҳам жуда катта бозор. Бизнинг инсон капиталимиз — асосий ресурс. Минтақа бутун дунё учун юқори малакали кадрлар манбаига айланиши учун таълимга эътибор қаратиш муҳимдир. Салоҳиятимиз жуда катта», — деди Бейбут Атамкулов.

Дипломат гендер тенгликни илгари суриш ва аёлларни жамият тараққиётига жалб қилишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди: «Биз аёллар салоҳиятини янада фаолроқ рўёбга чиқаришимиз керак. Азиза Умаровага ўхшаган мутахассисларнинг чиқишларини кўриб, жамиятимизда ўқимишли аёллар тимсолида қўлдан бой бермаслик керак бўлган улкан ресурс борлигини тушунасан киши».

Йўл харитаси, қўшимча равишда, гуманитар соҳалар, оммавий спорт ва минтақанинг йирик шаҳарларида фаол узоқ умр кўришни рағбатлантириш орқали умумий минтақавий ўзликни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини таклиф этади. 2025 — 2027 йилларда шахматдан тортиб киберспорт турнирларигача бўлган интеллектуал ва рақамли спорт турларини ривожлантиришга эътибор қаратилиши мумкин.

2025 — 2026 йилларда товарлар, капитал ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, расмий ҳужжатлар ва ижтимоий тўловларни ўзаро тан олиш, шунингдек, бизнес учун ягона рақамли инфратузилмани жорий этиш бўйича қўшма чоралар кўриш мақсадга мувофиқлиги бўйича тадқиқот ўтказилади.

Азиза Умарова лойиҳаларнинг бир қисмини яқин келажакда амалга ошириш мумкинлигини, бошқалари эса ўнлаб йилларни талаб қилишини таъкидлади. Бироқ ҳатто энг улуғвор ғоялар ҳам ягона сиёсий ирода мавжуд бўлган тақдирда амалга ошиши мумкин. Асосийси, траектория ҳақида ягона тасаввур ва тушунча ҳосил қилишдир.

Қозоғистон элчиси Бейбут Атамкулов Марказий Осиё иқтисодиёти салмоқли кўламга эга бўлиб улгурганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ички бозор ва савдо минтақа мамлакатларининг биргаликда ривожланиши учун асос бўлмоқда:

«Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти бугунги кунда қарийб 500 миллиард долларни ташкил этади, бу — ривожланган мамлакатлар билан таққосланадиган жиддий иқтисодиёт. Минтақа ичидаги товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда ва бу бизда биргаликда ривожланиш учун реал салоҳият борлигини кўрсатади», — деди дипломат.

Муҳокамалар якунида иштирокчилар минтақавий ҳамкорликни илгари суриш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди. Элчилар тақдим этилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг Марказий Осиё келажаги учун стратегик аҳамиятини таъкидлади. Хусусан, улар форсайт семинар асосида ишлаб чиқилган йўл харитасини амалга оширишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

«Марказий Осиё — 2050» китобини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. У таҳлилий материаллар, экспертларнинг фикрлари, шунингдек, Марказий Осиё фуқароларининг минтақа истиқболлари ҳақидаги энг яхши эсселарни бирлаштиради. Форсайт семинар доирасида иншолар танлови эълон қилинган. Тўплам сентябрь ойида — давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви олдидан чиқарилиши режалаштирилган. Ишлар йил охирига қадар барча хоҳловчилар учун онлайн тарзда мавжуд бўлади.

Учрашув иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари ва таҳлилий марказларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий каналлари орқали ёзма хабарномалар юбориш тўғрисида келишувга эришди. Бу позицияларни келишиб олиш ва келгусида ҳамкорликда ишлаш учун қўшимча таклифлар олиш имконини беради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.