Давлат раҳбари ўз нутқида жами 4 241 сўздан фойдаланди. Энг кўп «тадбиркор» — 107 марта, «бизнес» — 34 марта, «корхона» — 29 марта, «солиқ» — 21 марта, «инвестиция», «лойиҳа», «кредит» — 15 марта, «тизим» — 14 марта, «шароит», «банк», «стартап» — 13 марта ва «экспорт» — 12 марта тилга олинган.
Шунингдек, бир қатор жумлаларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, «бизнес вакиллари» — 8 марта, «очиқ мулоқот» — 7 марта, «имтиёзли кредит» — 4 марта такрорланган. «Янги Ўзбекистон», «кичик бизнес», «ёш тадбиркор», «якка тадбиркор», «молиявий хизматлар», «айланма маблағ» ва «энг илғор» каби жумлалар ҳар бири 3 мартадан тилга олинган.
Нутқда уч сўздан иборат жумлалардан «якка тартибдаги тадбиркор» ва «куч — бу тадбиркорлар» ибораларининг ҳар бири 3 марта такрорланган. Шунингдек, «аҳоли ва тадбиркорлар», «лицензия ва рухсатнома», «боғча ва мактаб», «кичик бизнес учун», «имтиёзли кредит ажратилади», «қўллаб-қувватлашга тайёрман», «қарздорлик учун жарима», «банд қилган шахс» ва «оилавий меҳмон уйлари» ибораларининг ҳар бири 2 мартадан тилга олинган.
Бу давлат раҳбари тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва кредит механизмларини кенгайтириш, солиқ юкини енгиллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш, бизнес муҳитини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини кўрсатади.
Уларнинг барчасида «тадбиркор» сўзи энг кўп такрорланган, «солиқ» сўзи барча нутқларда энг ишлатилган сўзлардан бири бўлиб, фақат 2024 йилда нисбатан кам қўлланган. Аввалги йилларда сезиларли кам ишлатилган «меҳмонхона», «жарима», «стартап» сўзлари олдинда бу соҳаларни жиддий ислоҳотлар кутаётганидан далолат беради.
«Кредит» ва «инвестиция» сўзлари доимий равишда ишлатилиши молиялаштириш ва инвестиция сиёсатига устуворлик бурилганини кўрсатади. «Хизмат» сўзи 2024 йили 3−4 баравар кўпайган ва 2025 йили ҳам эътибор марказида бўлган. Бу мамлакатда хизмат кўрсатиш соҳасига эътибор кучайганини, туризм, таълим ва тиббиёт каби хизмат йўналишлари иқтисодий сиёсатнинг муҳим драйверига айланганини кўрсатади. Сўнгги йилларда «инфратузилма» ва «шароит» каби атамаларнинг тобора кўпроқ тилга олинганлиги бизнес муҳитини яхшилашнинг доимий вазифа эканини англатади, дейилади ИТИМ шарҳида.
Сўзларни йўналишлар бўйича тақсимоти шундан далолат берадики, Президент энг катта эътиборни ҳуқуқий муҳит ва инвестициявий иқлим масалаларига (21%), шунингдек, стартапларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга (17%) қаратган.
Муҳим йўналишлар қаторида хизмат кўрсатиш соҳаси ва туризм (13%), тўқимачилик ва саноат (11%), солиқ ислоҳотлари (10%) ҳамда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш (8%) алоҳида ўрин тутади. Таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва макроиқтисодий натижалар ҳар бири 6 фоиздан улушга эга. Бундай таркибий тузилиш мамлакатда ҳуқуқий ва молиявий барқарорликни янгича иқтисодий драйверлар — хизматлар, инновациялар ва тадбиркорлик билан уйғун равишда ривожлантиришга қаратилган йўналишни яққол акс эттиради.
Президент нутқининг йўналишлари ва асосий сўзлари ўртасидаги боғлиқлик асосий эътибор «тадбиркор», «бизнес», «инвестиция», «кредит» ва «банк» атамаларига қаратилганини кўрсатади. Шунингдек, «солиқ» ва «қонун», «хизмат», «туризм» ва «экспорт» сўзларининг кўп қўлланиши орқали нутқ мамлакатни ижтимлий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишларни белгилаб берган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.