Тақдимотда одил судловнинг очиқлиги ва халқчиллигини ошириш, рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш, юқори малакали суд кадрларини тайёрлаш бўйича режалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида «Рақамли суд» концепцияси ишлаб чиқилган. Бу коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга ортиқча бюрократик оворагарчиликсиз адолатли судловни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
«Таҳлилларга кўра, фуқаролик ва иқтисодий судларда кўриладиган даъволарнинг катта қисми низосиз ишларга тўғри келмоқда. Шу боис бундай масалаларни маъмурий органлар ваколатига ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммоларининг қисқа муддатда ҳал этилишини таъминлайди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойида судлар ҳар йили 1 миллионга яқин низосиз иш кўриб чиқаётгани хабар қилинганди, шундан 200 мингтаси коммунал қарзлар бўйича. Президент ўшанда бу масалаларни нотариуслар даражасида ҳал этиш мумкинлигини таъкидлаган, бундай ишларни кўриб чиқишни давлат органларига топшириш таклиф этилганди.
Яна бир янгилик маъмурий ва иқтисодий ишларни экстерриториал тартибда кўриб чиқиш билан боғлиқ. «Бугунги рақамли технологиялар асрида бунинг имкони бор», — дейилади тақдимотда.
Судьяларни тайинлаш муддатларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Матбуот хизмати тақдимотнинг ушбу қисмини батафсил ёритмаган. Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда судьялар дастлаб беш йиллик муддатга, кейин ўн йиллик муддатга, шундан сўнг номаълум муддатга сайланади ёки тайинланади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2024 йилги ҳисоботида Ўзбекистонда судьяларнинг ўзгармаслиги кафолатлари етарли эмаслигини, чунки судьяни чексиз муддатга тайинлашдан олдин икки марта ваколат муддатини узайтириш жараёнини якунлаш кераклигини таъкидлаган.
Барча йўналишдаги судлар учун минтақавий тафтиш судларини ташкил этиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг назорат инстанцияларини тугатиш таклиф этилмоқда. Бунда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда фақатгина апелляция ва кассация инстанцияси бўлиши, тафтиш инстанцияси эса 5 та минтақавий судда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Тақдимотдан Судьялар олий мактабини ислоҳ қилиш ва унинг негизида Одил судлов академиясини ташкил этиш концепцияси ҳам ўрин олган.
Давлат раҳбари илгари сурилган ташаббусларни маъқуллаб, тегишли фармонларни имзолади ҳамда белгиланган вазифаларнинг тизимли ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.