4 июль куни университетнинг расмий саҳифасида вазир ёшларга университетнинг Андижондаги филиалига ўқишга киришни тавсия этаётган видео эълон қилинди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (реклама бозори регулятори) Gazeta сўровига жавобан вазиятни реклама қонунчилиги доирасида ўрганаётганини маълум қилди.
Қонуннинг 16-моддасига кўра, рекламада маҳсулот ёки хизмат давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганини кўрсатиш тақиқланади. Агар вазир бундай рекламаларни ўз саҳифаларида жойлаштирганда, бу қонун бузилиши ҳисобланарди. Бошқарув самарадорлиги агентлиги (собиқ Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги) давлат хизматчисининг ҳаракатларини баҳолаш ҳуқуқига эга.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ мансабдор шахсга педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш (қонунлар ҳамда президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно), шунингдек, ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олиш тақиқланади;
Бу вазирнинг рекламада илк бор пайдо бўлиши эмас. 2024 йилда Назарбеков эркаклар кийимлари дўкони рекламасида кўриниш берганди. Ўшанда бу ҳолат баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва вазир матбуот хизмати у моддий манфаат кўзламаганини айтганди.
Шундан сўнг Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси текширув ўтказиб, ушбу дўкон реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганини аниқлаган — видеода маҳсулот давлат вакили томонидан маъқуллангандек таассурот пайдо бўлган. Дўконга 23,8 миллион сўм жарима солинган, бироқ вазирнинг ўзи бунга алоқадор эмаслиги аниқланган: у реклама берувчи, ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи сифатида ишламаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.