Мадвазирлик Озодбек Назарбековнинг Kokand University ролигидаги иштирокига изоҳ берди

Мадвазирлик Озодбек Назарбековнинг Kokand University ролигидаги иштирокига изоҳ берди

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ташкилот раҳбари Озодбек Назарбековнинг ёшларга Kokand University хусусий университетининг Андижон шаҳридаги филиалида ўқишни тавсия қилган видеосидаги чиқишига изоҳ берди.

Вазирлик баёноти президент Шавкат Мирзиёев вазирлик ва идоралар раҳбарларига ёшлар билан мунтазам мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечимлар таклиф этиш бўйича топшириқлар берган июнь ойи охиридаги учрашувни тилга олиш билан бошланади.

17 апрель куни Озодбек Назарбеков Андижон вилоятида Kokand University’нинг 150 дан ортиқ талабалари ва ёшлари билан учрашган. Учрашувдан сўнг бир гуруҳ университет талабалари вазирдан университетдаги шароит ва имкониятлар ҳақида ёшларга сўзлаб беришни сўраган. Озодбек Назарбеков видеода абитуриентларга «ушбу имкониятдан фойдаланиб илм олишларини тавсия этган», дейилади Маданият вазирлиги хабарида.

Қайд этилишича, вазирнинг хатти-ҳаракатларига «Реклама тўғрисида»ги қонун талаблари татбиқ этилмайди, университет ва Назарбеков ўртасида иш бажариш ёки хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилмаган.

«Озодбек Назарбеков томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар илм-фанга узвий равишда уйғунлаштирилган ва мақсади даромад олишга қаратилмаган ижтимоий фойдали ахборот эканлигини маълум қиламиз», — таъкидлади Маданият вазирлиги.

Рақобатни ривожлантириш қўмитаси аввалроқ Gazeta’га вазиятни реклама қонунчилиги доирасида ўрганаётганини маълум қилганди. Бошқарув самарадорлиги агентлиги давлат хизматчисининг хатти-ҳаракатларини баҳолаш ҳуқуқига эга, дея таъкидлаганди қўмита.

2024 йилда ҳам Озодбек Назарбеков эркаклар кийимлари дўконининг рекламасида кўриниш берганди. Ўша ҳолат ҳам жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган. Маданият вазирлиги матбуот хизмати у моддий манфаат кўзламаганини айтганди. Рақобат қўмитаси дўконни реклама қонунчилигини бузган деб топган ва уни жаримага тортган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.