Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Хитой етакчиси ва Хитой халқини ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь шаҳридаги саммити муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Ўзбекистон президенти ХХР раиси Си Цзиньпиннинг глобал бошқарув бўйича ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани ва долзарб аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлади.
«Ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда «уч ёвуз куч» — терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.
Савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошди, йил бошидан эса яна 23 фоизга ўсгани қайд этилди.
Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. 2024 йилда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа ишга туширилган.
Ташриф арафасида бизнес форум муваффақиятли ўтказилди. «Яшил» энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш, жамоат транспортини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, пулли автомобиль йўлларини барпо этиш, муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, шунингдек, кимё, сув ва қишлоқ хўжалиги, туризм ва шаҳарсозлик соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Эксимбанк, Хитой давлат тараққиёт банки, «Ипак йўли» жамғармаси ва бошқа институтлар билан кенг кўламли шериклик кенгаймоқда. Эксимбанк кўмагида яқинда Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилди.
Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Хитой тажрибаси асосида Ўзбекистонда камбағалликка барҳам беришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишда экспертлик кўмаги давом эттирилади.
Инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон — Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистонда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университетининг филиали ҳамда Халқаро математика маркази очилди. Сиань нефть университети филиалини очиш тўғрисида битим имзоланди. Пекин технология институти филиалини очиш режалаштирилган.
2025 йилда Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми ўтказилади. Хитой тилини ўрганишни кенгайтириш ва ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш учун квоталарни кўпайтириш, Конфуций институтлари фаолиятини ривожлантириш қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон ҳудудларида энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистон — Хитой «Лу Бань устахоналари»ни ташкил этиш кўзда тутилган.
Сайёҳлар алмашинуви ўсиши учун шароит яратиш мақсадида авиақатновлар сони оширилмоқда, икки мамлакат ўртасида визасиз тартиб жорий этилди.
Шу кунларда Хитой Миллий музейидаги катта кўргазмада Ўзбекистон ҳам қатнашмоқда. 2027 йилда Шанхай ва Пекинда санъат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Ташриф доирасида ўзаро маданият марказларини очиш тўғрисида битим қабул қилинади.
Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, «Марказий Осиё — Хитой» формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси Хитой раҳбарини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.