Шавкат Мирзиёевнинг 24 октябрь куни Брюсселга ташрифи кутилмоқда

Шавкат Мирзиёевнинг 24 октябрь куни Брюсселга ташрифи кутилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 октябрь куни Брюсселга ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқи президенти Антониу Кошта Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида айтиб ўтди.

«Сиз билан 24 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувни интиқлик билан кутаман, у ерда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши муносабати билан фикр алмашишни давом эттириш имконига эга бўламиз», — дейилади табрик матнида.

Антониу Кошта, шунингдек, «Бизнинг шериклигимиз, шубҳасиз, янги босқичга кўтарилди, барча соҳаларда, шу жумладан, сизнинг етакчилигингиз остида сермаҳсул ва кўп қиррали ҳамкорлик билан ажралиб туради», — деди.

Эслатиб ўтамиз, август ойи ўрталарида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон яқин ойларда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни имзолаш ниятида эканини маълум қилганди.

КШҲБ 1999 йилдан бери амалда бўлган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўрнини босади. Келишув бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланганди. Дастлаб Ўзбекистон ҳукумати битимни 2020 йилда имзолашни режалаштирган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли муддатларни ўзгартиришга тўғри келди. 2022 йил июль ойида томонлар ҳужжатни тасдиқлади.

КШҲБни имзолаш нима учун муҳим?


Амалдаги битим асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий-техник ҳамкорлик, инвестициялар, товарлар ва хизматлар савдоси соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олади.

Янги КШҲБ кенгроқ масалаларни қамраб олади. Улар орасида савдо ва бошқа масалалар, жумладан, божхона маъмуриятчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалар мавжуд.

Бундан ташқари, Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини киритиш орқали инвестициявий ҳамкорлик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги ҳамкорлик кўлами кенгайтирилган.

Шунингдек, КШҲБ ташқи сиёсат, хавфсизлик, низоларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқариш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, бошпана бериш ва чегараларни бошқариш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш, терроризмга қарши чоралар каби янги соҳаларни ўз ичига олади.

«Битим энди ҳадли эмас, балки Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳар томонлама, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг тўлиқ механизмини яратади», — дея таъкидлаганди 2022 йилда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳужжатни тасдиқлаш якунлари бўйича.

Келишув «Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига интеграциялашувига, бозор иқтисодиёти механизмларини мустаҳкамлашга, хорижий инвесторлар ва ишбилармон доираларнинг мамлакатга бўлган ишончи ва қизиқишини оширишга, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга Европа Иттифоқи мамлакатларидаги ҳамкорлар билан савдо ҳамкорлиги учун янги имкониятлар очишга» ёрдам бериши кутилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.