Томонлар Ўзбекистон — АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатларини батафсил кўриб чиқди.
Суҳбат аввалида АҚШ президенти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган «ортга қайтмас ислоҳотларни» юқори баҳолаган ва қўллаб-қувватлаган.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Дональд Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг «улкан натижалари» билан табриклади. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.
Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Устувор тармоқларда бизнес кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва савдо битимлари ҳажмини тубдан ошириш масалалари кўриб чиқилди.
ПМХнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 15 фоизга ошган. Истиқболли кооперация лойиҳалари портфели фуқаро авиацияси, муҳим минерал ресурслар, электротехника саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган.
Шу ойда АҚШнинг етакчи компания ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва барқарор шериклик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида, энг аввало, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш борасида самарали ҳамкорлик қилинмоқда, дейилади хабарда.
«Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Тошкентда АҚШнинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда», — таъкидлади президентлар.
Етакчилар келаси йили АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор иштирок этишини қайд этди. АҚШ етакчиси Ўзбекистон футбол терма жамоасига омад тилади.
Телефон мулоқоти чоғида давлат раҳбарлари долзарб халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг «C5+1» шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашди.
Мирзиёев Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. Амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурларни илгари суриш мақсадида олий даражадаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
«Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди», — дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.